Тошкентда 3 300 долларни 35,3 млн сўмга сотиб олган шахс қўлга олинди

Пойтахтда фуқара бошқа бир шахсдан 3 300 долларни 35,3 млн сўмга сотиб олган вақтида қўлга олинди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.

Фарғона ва Наманганда ер майдонларини ноқонуний сотмоқчи бўлганлар қўлга олинди

Фарғонада корхона раҳбари 0,5 гектар ерни 100 минг долларга сотмоқчи бўлганида қўлга олинди. Наманганда эса фермер хўжаликлардан бирида раҳбар 5 гектар ерни боғ учун ажратиб бериш эвазига 96 млн сўм сўрагани айтилмоқда. Уларга нисбатан Жиноят кодексининг фирибгарлик ва пора бериш моддалари билан иш қўзғатилди.

Тошкентда йўл кира ҳақи 3000 сўм бўлган экспресс автобус йўналиши ташкил этилмоқда

Тошкент шаҳрида йўл ҳақи 3000 сўм бўлган янги экспресс автобус йўналишини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Ушбу йўналиш 4 та жадвал асосида 23 дақиқалик оралиқ интервал билан ҳаракатланади.

Таълим сифати билан боғлиқ аҳвол қониқарли эмас — халқ таълими вазири

Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов учта вилоятга ташрифдан сўнг, мактаблардаги аҳволни қониқарли эмас деб атади. «Афсуски, ҳатто ўз фани бўйича оддий саволга ҳам жавобни билмайдиган ўқитувчилар бор экан», — деди у. У ўқитувчилар қўлида инсон тақдири ётганини айтиб, «жонкуярлик бўлмаса нима қилади бу касбни танлаб?» деган саволни ўртага ташлади. Вазир таълим сифатини яхшилаш учун катта ва кўп ишлар қилиш кераклигини маълум қилди.

Қамчиқ довонида автомашинага жойлаштирилган елим идиш ёрилиб, ичидаги балиқлар йўлга сочилиб кетди

26 ноябрь куни Қамчиқ довонида йўлида ҳаракатланиб кетаётган енгил автомашинага жойлаштирилган елим идиш ёрилиб, ичидаги балиқлар йўлга сочилиб кетган. ЙТҲ оқибатида жабрланганлар йўқ, балиқ чавоқларининг асосий қисми нобуд бўлмасдан йиғиштириб олинган.

Шифокор ва ҳамширалар 26 турдаги журнал ва 33 турдаги ҳисобот шаклларини тўлдиришга мажбур бўлмоқда — ССВ

Соғлиқни сақлаш вазирлиги тиббиёт муассасалари шифокор ва ҳамширалари ҳозирда 26 турдаги журнал ва 33 турдаги ҳисобот шакллари, қолаверса, беморлар учун ўнлаб турдаги бланкларни тўлдиришга мажбур бўлаётганини маълум қилди. Тизимдаги қоғозбозликни бартараф этиш учун ишчи гуруҳ тузилди.

Адлия вазирлиги Расул Кушербаевни «қора бозор»дан валюта айирбошлаганини қоралади

Адлия вазирлиги депутат Расул Кушербаевнинг валютани била туриб «қора бозор»дан айирбошлаганини амалдаги қонунларни бузишга қаратилган намойишкорона ҳаракат деб баҳолади. «Расул Кушербаевнинг шахсий ўрнак сифатида қонунларни бузиш орқали муаммони ҳал этиш усулини танлагани, шу орқали ҳуқуқий нигилизмни тарғиб қилишга олиб келаётганини оқлаб бўлмайди», — дейилади хабарда. Вазирлик ушбу муаммо мавжудлигини тан олган, бироқ уни биргаликда ҳал қилишга чорлаган.

UzAuto Motors Captiva 5 автомобили учун тўловлар қайтарилиши бўйича изоҳ берди

UzAuto Motors компанияси хабарига кўра, ҳозиргача Captiva 5 автомобили учун жами 461 та шартнома пули тўланган бўлиб, 207 нафар харидор ушбу автомобил ўрнига бошқа транспорт ваоситасини олишга, 161 нафари эса тўланган маблағни қайтарилишига қарор қилган. Шунингдек, 41 нафар мижоз кечадан бошлаб компенсация сифатида тақдим этилган 5 фоизлик тўлов суммасини олган.

Фуқаролардан Жанубий Корея ва Австралия давлатларига юбориш эвазига пул талаб қилган шаслар қўлга олинди

Фарғона ва Бухоро вилоятларида фуқароларнинг ишончига кириб, уларни Жанубий Корея ва Австралия давлатларига юборишни ваъда қилган ва бунинг эвазига пул талаб қилган шаслар қўлга олинди. Уларга нисбатан фирибгарлик моддаси билан жиноий иш қўзғатилди.

1−2 декабрь кунлари ҳаво ҳарорати кўтарилиши ва айрим ҳудудларда чангли бўрон кузатилиши мумкин

Ўзгидромет хабарига кўра, 1−2 декабрь кунлари Ўзбекистон ҳудудига Эрон ҳудудларидан жуда илиқ ва қуруқ ҳаво кириб келиши кутилмоқда. Республика бўйича шамол 17−22 м/с гача, баъзи жойларда 25−28 м/с гача кучайиши мумкин. Айрим вилоят ва туманларда чангли бўрон ҳамда чанг ғуборлар кўтарилиши кузатилиши айтилди.

Миллий гвардиянинг қонун ва тартибни ҳимоя қилиш ваколатлари кенгайтирилди

Эндиликда Миллий гвардия оммавий тадбирларни ўтказишда, шунингдек, жамоат жойларида жамоат тартибини мустақил равишда таъминлайди. Бундан ташқари, Миллий гвардия жамоат тартибини сақлаш соҳасида содир этиладиган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ҳуқуқини олиши мумкин.

Ноябрь-декабрь ойларида етказиб берилиши кутилган UzAuto Motors автомобиллари 2 ойга кечикади

UzAuto Motors компанияси ноябрь-декабрь ойларида автомобили етказиб берилишини кутаётган харидорларга транспорт воситалари 2 ойдан кейин берилишини маълум қилди. Бунга сабаб сифатида бутловчи қисмлар етишмовчилиги ҳамда глобал логистика муаммолари кўрсатилган.

Ўзбекистонда учта қуёш электр станциясини қуришга 15 та халқаро компания қизиқиш билдирди

Энергетика вазирлиги учта қуёш фотоэлектр станциясини қуриш бўйича тендернинг илк босқичида 15 та халқаро компаниядан ариза келиб тушганини маълум қилди. Лойиҳа Наманган, Бухоро ва Хоразм вилоятларида умумий қуввати 500 МВтгача бўлган станцияларни қуришни назарда тутади.

Тошкентда БМТ Аёллар қўмитасининг ваколатхонаси очилиши мумкин

Масс-медиа фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева БМТ Аёллар қўмитасининг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Алия Ал-Ёсир билан учрашди. Унда Тошкентда БМТ Аёллар қўмитасининг ваколатхонаси очиш таклифи илгари сурилди.

Қорақалпоғистон резерватида уч кун давом этган ёнғин 35 гектар ўрмонга зарар етказди

27 ноябрь куни Қорақалпоғистоннинг қуйи Амударё биосфера резерватида бошланган ўрмон ёнғинлари 30 ноябрнинг тонгига келиб тўлиқ ўчирилди. Дастлабки маълумотларга кўра, ўрмоннинг 30−35 гектар майдони зарар кўрган. Ёнғин бошланган ҳудудда чодирлар ўрнатилгани маълум қилинди.

«Газета.uz»да чиққан мақолалар:

«Америкадаги ўзбекистонликлардан ватанда катта-катта ремиттансларни кутишади». Америкада ишлаётган тадқиқотчи Саидазиз Аъзамов

«Хориждаги ўзбекистонликлар» лойиҳасининг навбатдаги меҳмони — Америкадаги тадқиқотчи Cаидазиз Аъзамов. Биз ундан нега Америкага кетгани, хориждаги ватандошлардан ватанда нималар кутишлари, хориждаги қийинчиликлар ва Ўзбекистондаги ёшларга берадиган маслаҳатлари ҳақида сўрадик.