Адлия вазирлиги Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаевнинг «қора бозор»дан валюта айирбошлаш орқали муаммога эътиборни жалб қилишини қоралаб чиқди. Вазирлик матбуот хизмати мазкур ҳолат юзасидан ўз муносабатини билдирди.

Унда таъкидланишича, «қонунларга танлаб-танлаб риоя қилинмайди».

«Ҳар қандай жамиятда қонунларга ҳурмат, ўрнатилган тартибларга қатъий риоя қилиш — бу ривожланишнинг энг муҳим омилидир. Биз ё ҳамма тан оладиган ва бажариши мажбурий бўлган қонун ва қоидалар асосида яшаймиз, ёки ҳар ким ўз билганича, ўз ўлчови билан белгилаб олган қоидалари билан яшайди», — дейилади хабарда.

Адлия вазирлиги депутат Расул Кушербаев Янгийўл шаҳрида бир соат давомида валюта айирбошлаш шахобчасини излагани, бироқ уларнинг барчаси ёпиқлиги сабаб 50 АҚШ долларини «қора бозорда» алмаштиришга мажбур бўлганини, бу ҳаракати билан у Ўзбекистон қонун ва тартибларини бузганлигини ҳамда ўз ҳаракати учун жавобгар бўлишга тайёр эканини намойишкорона маълум қилди, деган фикрда.

Муносабатда кўтарилган муаммо инкор этилмаган, бироқ унинг айнан ҳуқуқий томонига алоҳида эътибор қаратилган.

Таъкидланича, Ўзбекистон президентининг «Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига асосан 2017 йилнинг 5 сентябридан бошлаб жисмоний шахслар чет эл валютасини тижорат банклари орқали эркин сотиши ва сотиб олиши ҳамда сотиб олинган маблағларни ҳеч қандай чекловларсиз тасарруф этиши мумкинлиги белгилаб қўйилган.

«Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги қонуннинг 19 моддасига кўра, Ўзбекистон ҳудудида резидентлар ва норезидентлар томонидан чет эл валютасини сотиб олиш ҳамда сотиш фақат Ўзбекистон банклари орқали амалга оширилади.

Валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказганлик учун еса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 170-моддасида жавобгарлик белгиланган.

«Албатта Расул Кушербаевнинг юқоридаги хатти-ҳаракатига унинг депутатлик мақомини эътиборга олиб, фақат тегишли ваколатли орган ҳуқуқий баҳо беришга ҳақли ва бу жараён амалга ошмагунча ҳеч ким уни қонунбузар деб эътироф этиши мумкин эмас», — дейилади Адлия вазирлиги хабарида.

Шу билан бирга, Ўзбекистонда қонун чиқарувчи олий органнинг вакили томонидан амалда ва ўз кучида бўлган Ўзбекистон қонунларини бузишга қаратилган намойишкорона ҳаракатларни Адлия вазирлиги қуйидагиларга асосан қаттиқ қоралайди:

Биринчидан. Ўзбекистон ҳудудида белгиланган юқоридаги қоидалар ва қонун талаблари кимгадир қулайлиги ёки қулай эмаслиги, ёқиши ёки ёқмаслиги, унинг фикридан, қарашларидан ва ижтимоий мақомидан ёхуд ҳафтанинг қайси куни эканлигидан қатъи назар бажарилиши мажбурийдир.

Ўзбекистонда ҳуқуқий онг ва маданият, қонун устуворлигини таъминлаш ва ҳуқуқий давлат қуриш бўйича жамият бирлашиб, шу мақсадлар сари интилиб яшаб келмоқда.

Албатта мамлакатда қонун устуворлигини таъминлашда ҳали қатор муаммолар мавжуд ва бу борада қилиниши керак бўлган ишлар жуда кўп. Буни ҳар кунги ҳаётимизда, жамият вакиллари фикрларида, халқаро кузатувчилар ва ташкилотлар рейтингларида ҳам кўриб турибмиз. Шундай екан, ушбу муаммоларни ечиш ва қонунийликни таъминлаш устида бош қотириш керакми ёки тескарисини тарғиб қилиш керакми, деган ҳақли савол туғилади.

Иккинчидан. Жамиятни қийнаётган, ўз ечимини кутаётган муаммо ва камчиликлар очиқ ва шаффоф барча даражада муҳокама қилиниб, ечимлар ўртага ташланмоқда. Бунда аҳолининг барча қатламлари, депутатлар, сенаторлар ва мутахассислар ўз фикрларини эркин баён этмоқда.

Лекин депутат Расул Кушербаев томонидан қонун билан жавобгарлик белгилаб қўйилган ҳуқуқбузарликни била туриб содир этиб, бу хатти-ҳаракатини кенг оммага намойишкорона маълум қилиниши жамиятни қонун устуворлиги томон эмас, тескари томонга чорлади, ноқулай пайтда қонунларни бузиш мумкин, ёқмайдиган талабларга кўз юмса бўлади, жавобгарликдан қўрқмайман деган энг нотўғри ва асоссиз сигнални жамиятга юборди.

Айниқса, бу ҳаракатлар, қонун қабул қиладиган энг олий organ вакили томонидан, ўзи қабул қиладиган қонунларга риоя этилишини тарғиб қилиши керак бўлган масъул инсон томонидан содир этилгани энг ачинарли ҳолатдир.

Келажакда ҳурматли депутат қонун устуворлигини бошқалардан талаб қилганда, ўзининг ушбу ҳаракатларини жамият аъзолари унга эслатишлари аниқ.

Учинчидан. Қонунчилик палатаси депутати сифатида Расул Кушербаев ўз ваколатлари доирасида масалани тизимли ҳал қилиш мақсадида тегишли сўров билан мутасадди идораларга мурожаат этиши, қонунларга ўзгартириш бўйича ташаббус билан чиқиши ҳам мумкин эди.

Афсуски, Расул Кушербаевнинг шахсий ўрнак сифатида қонунларни бузиш орқали муаммони ҳал этиш ва бундай ҳуқуқбузарликни маънан ёқлаш усулини танлагани, шу орқали ҳуқуқий нигилизмни тарғиб қилишга олиб келаётганлигини оқлаб бўлмайди.

Тўртинчидан. «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида»ги қонуннинг 3-моддасига асосан депутат ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конститусияси, …қонунларига ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширади.

Мазкур қонуннинг 11-моддасига асосан депутат одоб қоидаларига қатъий риоя етиши лозимлиги, депутатнинг ўз мақомидан жамият ва давлатнинг қонуний манфаатларига зиён етказадиган тарзда фойдаланишига йўл қўйилмаслиги назарда тутилган.

«Ҳурматли ватандошлар! Қонун устуворлиги таъминланмайдиган давлатда ёки ҳар ким ўз қоидаси билан яшайман дейдиган жамиятда келажак ҳақида гапиришга ўрин қолмайди. Юқорида қайд этилганидек, ушбу масалаларда Ўзбекистонда ҳам ечилиши керак бўлган муаммолар бор. Буларни биргаликда ечишимиз лозим», — дейилади хабарда.

Адлия вазирлиги «барча соҳа мутахассислари, масъуллар жамиятда қонунлар асосида яшаш қадриятларини тарғиб қилиши керак, аксинча емас!», деган фикрда.

Бундан ташқари, вазирлик «Ҳамкорбанк» АТБ Янгийўл филиалида жойлашган валюта айирбошлаш шахобчаси шанба кунлари хорижий валютани сотиб олиш хизматини кўрсатишини қўшимча қилган.

Аввалроқ, депутат Расул Кушербаев Марказий банк мана шу шароитни қилиб бермагани учун фуқаролар жавобгар бўлиб кетадиган аҳволда турибди, деган эди. «Марказий банк яратиб қўйган тизими оқибатида „қора бозор“ йўқолмаяпти», — деганди у.

Депутат шунингдек, агар уни валютани ноқонуний айирбошлагани учун жавобгарликка тортишса, суд залида Марказий банк ҳам у билан бирга жавоб беришини таъкидлаганди.