Қорақалпоғистондаги қуйи Давлат биосфера резервати 27 ноябр куни бошланган ўрмон ёнғинини ўчиришга қайта олов олишини ҳисобга олган ҳолда уч кун вақт кетди, деб хабар берди Ўзбекистон ФВВ матбуот хизмати.

Ёнғин ҳақида хабар соат 17:30лар атрофида Амударё тумани фавқулодда вазиятлар бўлимига келиб тушган. Ёнғин-қутқарув экипажлари соат 19:10да ёнғинни ўчириш ишларига киришган (Туман ёнғин-қутқарув қисми воқеа жойидан 47 км узоқликда жойлашган). 28 ноябрь куни соат 05:15да ёнғин қуршаб олиниб, 08:04да ўчирилган, дейилади хабарда.

Ёнғин содир бўлган жойда қайта ёнғин ўчоқлари пайдо бўлишининг олдини олиш мақсадида воқеа жойига 5 та ёнғин-қутқарув экипажи, Минтақавий қутқарув отрядидан 1 та бўлинма ва ёрдамчи техникалар, 2 та бульдозер, 2 та погрузчик, 2 та сув ташувчи машиналар жалб этилган. Шунингдек, Қорақалпоғистон ФВБдан — 50 нафар, Ўрмон хўжалигидан — 20 нафар, Қорақалпоғистон Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитасидан — 5 нафар, туман Ободонлаштириш бўлимидан — 20 нафар ходим чақирилган. Умумий ҳисобда 95 нафар ходим жалб этилган ва 3 гуруҳга бўлинган ҳолда кеча-кундуз навбатчилик йўлга қўйилган.

29 ноябрь куни ёнғин қолдиқлари қайта аланга олган 10:25 лар атрофида ўчиришга киришилиб, 30 ноябрь куни соат 03:30да олов тўлиқ ўчирилган. Ёнғиндан жабрланган ва ҳалок бўлганлар йўқ. «Назархан» овул фуқаролар йиғинидан ёнғин содир бўлган жойгача масофа тахминан 8 кмни ташкил этади.

Ҳозирда келтирилган зарар миқдори аниқланмоқда, воқеа жойида ҳамкор вазирлик, идора ва хизматлар куч-воситалари навбатчилик олиб бормоқда.

Давлат экология қўмитасининг хабарига кўра, Қорақалпоғистоннинг Беруний ва Амударё туманлари ҳудудида жойлашган резерватнинг умумий майдони 68,7 минг гектарни ташкил қилади.

Тунги вақтда эсган шамол оловнинг қайта алангаланишига олиб келгани айтилмоқда. Ёнғин натижасида дастлабки ўрганишлар бўйича тахминан 30−35 гектар атрофидаги тўқайзорга зарар етган. «Газета.uz»га Биохилмахиллик ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар бош бошқармаси аниқлик киритишича, ёнғин бошланган ҳудудда чодирлар ўрнатилган бўлган.

Қўмита аниқлик киритишича, ёнғинни бартараф этишга ФФВнинг Амударё тумани ва Нукус шаҳар бўлимлари, Миллий гвардия, «Сайгачий» мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхонаси, «Судочье -Акпетки» давлат буюртма қўриқхонаси, «Жанубий Устюрт» миллий табиат боғи ходимлари ҳам жалб этилган.

Ёнғин келиб чиққан жой Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги чегара ҳудуд ҳисобланади. Ёнғиннинг бошланиш нуқтаси Назархон участкаси яқинидаги ҳудуд қўшни давлатга тегишлиги аниқланган.

Мазкур ҳудуд Амударё дарёсининг ўртасида жойлашган орол бўлиб, умумий майдони 562 гектардан иборат. Шундан 420 гектар ер майдони Қуйи Амударё биосфера резерватига тегишли ва 142 гектар ер майдони Туркманистон ҳудуди ҳисобланади, дейилади хабарда.