Фарғона ва Наманган вилоятларида хусусий корхона ва фермер хўжалигига қарашли ер майдонларини сотишга уринган шахслар ушланди. Мазкур ҳолат Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ва ДХХнинг Фарғона тумани бўлимлари ҳамда ИИБ ходимлари ўтказган тезкор тадбирда аниқланган.

Таъкидланишича, «O» хусусий корхонаси раҳбари Ф.Қ. ишлаб чиқариш цехи ташкил этиш учун ажратилган 0,9 гектар ер майдонини сотиш ваколатига эга бўлмасада, фуқаро И.га ушбу ер майдонининг 0,5 гектарини 100 000 АҚШ долларига сотишга келишиб олган.

«Кадастр ҳужжатларини расмийлаштириб бериш эвазига олдиндан 12 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган», — дейилади хабарда.

Яна бир ҳолат Наманганда қайд этилди. Департаментнинг Наманган шаҳар бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда «А.» фермер хўжалиги раҳбари М.А. фуқаро Д.га хўжаликнинг 5 гектар ер майдонини 96 млн сўм эвазига боғ ташкил этиш учун ажратиб беришни ваъда қилган. У ҳужжатларни танишлари ёрдамида расмийлаштириб беришини маълум қилган. У сўралган пулдан 50 млн сўмини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушлангани айтилмоқда.

Ҳар иккала ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилди.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.