Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммитида иштирок этиш учун Ашхобод шаҳрига борди, деб хабар бермоқда давлат раҳбарининг матбуот хизмати.

Пойтахт аэропортида уни Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов кутиб олди. Шундан сўнг мамлакатлар етакчилари музокара ўтказди.


Суҳбат аввалида Ўзбекистон президенти Туркманистон раҳбари ва биродар туркман халқини яқинлашиб келаётган миллий байрам — Бетарафлик куни билан самимий қутлаган.

Қайд этилишича, музокаралар чоғида икки томонлама яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинган.

Шунингдек, жорий йил октябрь ойида олий даражада эришилган келишувларга мувофиқ савдо-иқтисодий ҳамкорлик борасидаги қўшма лойиҳаларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилган.

Халқаро кун тартиби ва кўп томонлама тузилмалар доирасидаги ҳамкорлик юзасидан фикр алмашилди. Ўзбекистон президенти Туркманистоннинг ИҲТдаги сермаҳсул раислигини юксак баҳолади ва Ашхобод саммити муваффақиятли ўтишини тилади.

Сўнг тантанали кутиб олиш маросими бўлди. Давлат раҳбарлари фахрий қоровул сафи олдидан ўтди.