«Газета.uz» 2021 йил 1 декабрдан кучга кирадиган қонунчиликдаги ўзгаришлар рўйхатини тақдим этади. Дайжест Aдлия вазирлиги маълумотлари асосида тайёрланди. Қуйида уларни тўлиқлигича эътиборингизга ҳавола этамиз.
1. Давлат органлари фаолиятининг очиқлиги баҳоланади
Президент фармонига мувофиқ, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини мониторинг қилиш ва очиқлигини баҳолаш методикаси асосида ҳар йил якуни бўйича давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг Очиқлик индекси аниқланади.
2. Айрим суд ишлари телеканаллар орқали жонли эфирга узатилади
Президент фармони билан қуйидаги тадбирлар телеканаллар, шунингдек, интернет орқали жонли эфирга узатилади:
- Қонунчилик палатаси ва Сенат мажлислари, Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши сессиялари;
- тарафларнинг розилиги билан айрим ҳуқуқбузарликларга ва оилавий низоларга оид фуқаролик суд ишлари.
3. Кўчма савдо фаолиятини рўйхатдан ўтказиш тизими соддалаштирилади
Президент қарорига асосан кўчма савдо фаолияти тадбиркорлар томонидан кўчма савдо объектларини электрон тарзда «K — SAVDO» автоматлаштирилган ахборот тизимида рўйхатдан ўтказиш йўли билан амалга оширилади. Рўйхатдан ўтказиш учун йиғим ундирилмайди.
Кўчма савдо жойи (хусусий мулкдорларга тегишли жойлардан ташқари) кўчма савдо объектларининг жойлашиш схемалари бўйича «K — SAVDO» ААТ орқали электрон аукционда сотилади.
Бунда, аукционнинг бошланғич нархи тегишли туман ва шаҳардаги ер участкасининг ер солиғи миқдорида белгиланади.
Аукцион ғолиби томонидан кўчма савдо жойининг қиймати тўлиқ тўланганидан сўнг унга «K — SAVDO» ААТ орқали автоматик равишда QR-кодли гувоҳнома берилади ва у 36 ой муддатга фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади. Бунда шартнома тузиш талаб этилмайди.
4. Харид комиссиясининг айрим ваколатлари бекор қилинади
Президент қарори асосида Харид комиссиясининг маълумотлар ҳаққонийлигини текшириш ва иштирокчини харид қилиш тартиб-таомилларида иштирок этишдан четлатиш ваколатлари бекор қилинмоқда.
5. Энди чет элдаги ўзбекистонликлар ҳам давлат хизматларидан фойдаланишлари мумкин бўлади
Президент фармони билан чет элда доимий яшовчи Ўзбекистон фуқаролари, шунингдек хорижий жисмоний ва юридик шахслар ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларга электрон давлат хизматларидан фойдаланиш имкони яратилади. Бунинг учун Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари уларга ЭРИ калити сертификатларини беради.
Ўзбекистонда доимий яшамайдиган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга ЖШШИР соддалаштирилган тартибда туман (шаҳар) миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларида ҳамда ДХМларда берилади.
Лицензия, рухсатнома, сертификат ва бошқа рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг дубликатини бериш учун қонунчилик ҳужжатларида миллий валютада белгиланган тўловларни БҲМнинг 10 фоизигача миқдорда белгиланди.
Қонунчилик ҳужжатларида тўловлар белгиланмаган ёки БҲМнинг 10%идан кам миқдорда белгиланган ҳоллар бундан мустасно. Бунда QR-код қўйилган лицензия, рухсатнома, сертификат ва бошқа рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг дубликатларини бериш учун тўлов ундирилмайди.
6. Давлат органлари коррупцияга қарши курашиш ҳақида ҳисобот беради
Президентнинг қарорига кўра, ҳар йил якуни бўйича барча давлат ташкилотлари, шу жумладан маҳаллий давлат ҳокимияти органларида коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини баҳоловчи рейтингни эълон қилинади.
7. Божхонада ягона ҳисобварақ асосида олдиндан тўлаш амалиёти жорий қилинади
Президент фармонига кўра, Ўзбекистон Давлат чегараси орқали автомобиль ўтказиш пунктларида:
- ветеринария ва фитосанитария органларининг товарларга тегишли ҳужжатларни текшириш ва расмийлаштириш вазифалари «Ягона дарча» божхона ахборот тизими ёки унга интеграциялашган ахборот тизимлари орқали амалга оширилади;
- ветеринария ва фитосанитария органлари томонидан товар-транспорт ҳужжатларига муҳр босиш ва уларни рўйхатга олиш амалиёти бекор қилинади;
- тўланадиган барча йиғимларни транспорт воситалари чегара пунктига киргунга қадар ягона ҳисобварақ асосида олдиндан тўлаш амалиёти жорий этилади.
8. Электрон чекларда фискал белгилар акс эттирилади
Президент қарорига биноан электрон чекларда электрон тўлов тизимлари хизматлари ёрдамида амалга оширилган транзакцияларнинг («P2P» тўловлари бундан мустасно) электрон чекларида автоматик тарзда шаклланувчи фискал белгиларни мажбурий акс эттириш талаби ўрнатилади.
9. Шартномаларни тузиш тартиби соддалаштирилади
Президент фармонига асосан қуйидагилар бекор қилинмоқда:
- а) тижорат банкларига етказиб берилган маҳсулот (бажарилган ишлар, кўрсатилган хизматлар) учун тўловларни учинчи шахслар ҳисобидан қабул қилишга қўйилган тақиқ;
- б) қуйидагиларни белгилашга доир талаблар:
- давлат улуши 50% ва ундан юқори бўлган хўжалик юритувчи субъектларнинг маҳсулотларни етказиб бериш (ишларни бажариш, хизматларни кўрсатиш) тўғрисида тузиладиган шартномаларида мажбурий равишда олдиндан тўловни;
- қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик маҳсулотлари етиштирувчилари ва тайёрлов ташкилотлари ўртасида тузиладиган шартномаларда мажбурий равишда авансни.
Жисмоний шахсларга қарз шартномаларини нотариал тасдиқлаш орқали чет эл валютасида ўзаро қарз бериш ва қайтариб олишга рухсат берилади.
10. Оролбўйи кардиология тиббиёт маркази имтиёзга эга шахсларга даволанишга йўлланма беради
Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ, Оролбўйи минтақаси ихтисослаштирилган кардиология ва кардиохирургия илмий-амалий тиббиёт маркази ташкил этилганди.
Телеграмдан фойдаланасизми? Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун каналимизга аъзо бўлинг.
Декабрь бошидан мазкур тиббиёт маркази давлат бюджети маблағлари ҳисобига имтиёзли тоифага кирувчи шахсларни электрон ахборот тизими орқали ҳисобга олиш ва навбат асосида даволанишга йўллаш тизимига уланишни таъминлайди.