Тошкент шаҳридаги жамоат транспортида зўравонликка қарши курашиш ва муаммо ҳақида автобусларда жамоатчиликни хабардор қилиш бўйича кампанияга старт берилди. Халқаро хотин-қизларга нисбатан зўравонликни бартараф этиш кунига бағишланган лойиҳа 25 ноябрь куни тақдим этилди, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Лойиҳа доирасида «Тошшаҳартрансхизмат» компаниясининг 20 та йўналишли автобуси салонларида тегажоғликка йўл қўйилмаслиги ҳақидаги ахборий баннерлар эълон қилинди. Бундан ташқари, фавқулодда тўхтатиш тугмалари ҳам жорий этилмоқда.

Чипталарда зўравонликка йўл қўймаслик ҳамда тегажоғлик қурбонлари ёрдам сўрашлари лозимлиги ҳамда ҳуқуқбузарга қаршилик кўрсатиш учун қандай ҳаракат қилишлари кераклиги ҳақидаги маълумотлар чоп этилади. Бу ҳақда шунингдек, махсус веб сайт орқали ҳам хабар бериш мумкин. Саҳифанинг ўзида яна қўшимча маълумотлар олиш мумкин.


Кампанияга тайёргарлик кўриш давомида 605 креатив агентлиги кўнгиллилари 100 га яқин тошкентликлардан жамоат транспортида тегажоғлик қилиш холатлари юзасидан махсус сўровнома ўтказган. Иштирокчиларнинг 77,5 фоизи аёлларни ташкил этган.

«Жамоат транспортларида учрайдиган тегажоғлик қилиш холатларини сезсангиз нима қилишингиз керак?», деган саволга иштирокчиларнинг 51 фоизи «билмайман» деб жавоб берган. Шунга қарамасдан, респондентларнинг 12,5 фоизи доимий равишда тегажоғлик ҳолатига дуч келганини маълум қилган. Уларнинг 40 фоизи эса бир ёки икки марта, сўровноманинг ҳар олтинчи иштирокчиси эса уларнинг танишлари ва яқинлари зўравонлик қурбони бўлганини қайд этишган.

«Мен ушбу муаммо борлиги ҳар доим билганман, — дейди „Тошшаҳартрансхизмат“ кузатув кенгаши аъзоси Азиза Умарова. — Мен ўзим ҳам тегажоғлик ҳолатларига дуч келганман, менинг барча танишларим тегажоғликка учраган. Ва мен мазкур муаммони ҳал қилишга қарор қилдим».

Унинг сўзларига кўра, жамоат транспортида жинсий харассмент (шилқимлик) ҳақида сукут сақлаш одатга айланган. Натижада эса кўпинча тегажоғлик қурбони бўлган аёллар ва болалар қандай қилиб ёрдам сўрашни билишмайди ҳамда бошқалар томонидан нотўғри ҳукм қилинишдан қўрқишади

Азиза Умарова декабрга қадар бошқа йўналишлардаги транспортларда ҳам ахборий баннерлар автобусларнинг салонлари ва ташқарисига ёпиштирилишини қўшимча қилди.


Ижтимоий реклама тегажоғлик қурбонларини бефарқ бўлмасликка, гумонланувчини тўхтатиб қолишга ёки бу ҳақда чиптачи ва ҳайдовчини хабардор қилиш ҳамда бошқалардан ёрдам сўрашга чорлаб қолади.

Шилқимлик қурбонларига эса жим турмаслик, фавқулодда тўхтатиш тугмасини босиш, тегажоғлик ҳақида чиптачи ёки автобус ҳайдовчисини огоҳлантириш, қолаверса, атрофдаги бошқа инсонлардан ёрдам сўраш тавсия этилади.

Жамоат транспортида тегажоғлик қилганликда гумонланганлар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг «ҳақорат қилиш» моддаси билан жавобгарликка тортиб келинган. Ушбу ҳуқуқбузарлик БҲМнинг 20 бараваридан 40 бараваригача жаримага тортишга сабаб бўлади. Жаримага тортилгандан сўнг, ушбу ҳуқуқбузарликни қайта содир этиш БҲМнинг 200 бараваригача жарима ёки 240 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки бир йилгача аҳлоқ тузатиш ишлари билан (Жиноят кодексига асосан) жазолашга сабаб бўлади.

Фавқулодда тўхтатиш тугмалари автобусларнинг салонидаги вертикаль қўл тутқичларида жойлашган. Тез орада уларда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан алоқани таъминловчи «102» ёзувли ёпиштиргичлар ҳам пайдо бўлади. Бироқ, автобусни тўхтатиш кераклиги ҳақидаги хабар ҳайдовчи томонидан қабул қилинади.


Азиза Умарованинг сўзларига кўра, ҳозир SOS тугмалари барча автобусларда ҳам ишламайди. Уларнинг кўпчилиги аллақачон ишдан чиққан. Уларни қайта таъмирлаш талаб этилади.

Йўл чипталарида қуйидаги ёзувчилар қайд этилади: «Сизга нисбатан тегажоғлик ҳолати юз берса, чиптачига хабар беринг, уялманг, сиз қонун ҳимоясидасиз. Заифларни ҳимоя қилиш — барчамизнинг бурчимиз!».

Фото: Азиза Умарова / Facebook.

«Тошшаҳартрансхизмат» компанияси матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар беришича, йўл учун нақд пулсиз тўлов қилаётган йўловчилар тегажоғликка йўл қўймаслик, шилқимлик ҳолатига гувоҳ бўлиб қолса ёки жабрланувчи ҳақида маълумотга эга бўлса бефарқ бўлмаслик ҳақида SMS-хабарномалар олади.

Ҳозирда хабарномаларни даврий юбориб туриш масаласи ҳал қилинмоқда.

Эшитиш ва кўриш қобилиятида нуқсони бўлганлар учун эса тегажоғлик муаммоларига қарши курашиш ҳақидаги аудио ва визуаль тарздаги хабарномалар жамоат транспортида кейинги ҳафтадан бошлаб эълон қилиб борилади, деб «Газета.uz»га маълум қилди 605 креатив агентлиги раҳбари Отабек Шарапов.

«Тошшаҳартрансхизмат» бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Агзам Абдуллаев ҳайловчи ва чиптачи тегажоғлик ҳолати юз берганда биринчи галда жабрланувчига зудлик билан ёрдам бериши лозимлигини маълум қилди.

«Биз ҳайдовчи ва чиптачиларга шу каби ҳолатлар юз берган тақдирда улар ички ишлар органларига хабар бериши кераклигини тушунтираяпмиз», — деди Агзам Абдуллаев.

«Газета.uz» мухбири гумондор шахсга нисбатан ҳайдовчи ва чиптачи қандай ҳаракат қилиши мумкинлиги билан қизиқди.

ТШТХ раҳбарининг биринчи ўринбосари транспорт персонали учун қўлланма ҳануз ишлаб чиқилаётгани ва таҳминан йил охирига қадар якунига етиб қолишини маълум қилди.

«Қўлланмада улар нима қилиши мумкинлиги ва ўзини қандай тутиши кераклиги ҳақида аниқ чора-тадбирлар кўрсатилган бўлади. Биз бу масалани ИИВ ва ФВВ билан коллегиал тарзда ҳал қилишимиз зарур», — деди Агзам Абдуллаев.

Азиза Умарованинг сўзларига кўра, тегажоғлик ҳақида хабар берилган тақдирда ҳайдовчилар ва кондукторлар ички ишлар бўлими билан ишлаши керак, уларнинг вакиллари гумонланувчини маршрутнинг охирги бекатида ёки ундан олдинроқ кутиб олиши лозим.

«Ички ҳужжат бор. У давлат компанияси раҳбари буйруғи даражасида мавжуд… Тартиби автобусда жанжал кўтарган маст киши [қаровсиз қолдирилган юклар] билан ишлаш каби бир хил бўлади. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ишлаб чиқилган протокол мавжуд. Бу ерда ҳам ҳудди шу каби тартиб қўлланилади», — дея қайд этди Азиза Умарова.

У шунингдек, транспорт персонали ўз ишини ташлаб, гумондор билан шуғуллана олмаслигини ҳам тан олди. «Газета.uz» мухбири билан суҳбатлашган ҳайдовчи ва чиптачи бунга биринчи ўринда режали иш тизими ҳалақит қилишини таъкидлашди.

Азиза Умарова транспорт персоналида гумондорни ушлаб қолиш учун ваколат йўқлигини ҳам қўшимча қилди. Шунинг учун ҳам аҳолининг мазкур муаммо юзасидан хабардорлигини ошириш муҳим деб ҳисоблайди у.

Қайд этиш жоиз, пойтахтда кунлик хизмат кўрсатувчи автобуслар сони аҳолининг жамоат транспортига бўлган эҳтиёжини қондира олмайди. Бунинг натижасида эса йўловчилар ўз йўналишидаги автобусни узоқ вақт кутишига олиб келади, тирбанклик вақтида эса салонларда тиқилинчлар юзага келади.

Isuzu NP 37 и HC 40 автобуслари билан таъминланган кўплаб йўналишларда йўловчилар сиғими камлиги боис фуқароларнинг тиқилиб туриб олишига тўғри келади. Одамларнинг бир-бирига итарилиб туриши эса ўз навбатида тегажоғлик учун қулай шароитни яратиб қўяди.


Катта ҳажмли автомобилларни харид қилиш ва линияларда автобуслар сонини кўпайтириш транспорт оралиғини қисқартиришга хизмат қилади, бу эса жамоат транспортида шилқимлик қилиш ҳолатларини камайтиришга ижобий таъсир кўрсатади.

Кампанияга старт беришга бағишланган тадбирда иштирок этган Исроил элчиси Зехавит Бен-Хиллель «Газета.uz» мухбирига ўзининг мамлакатида жамоат транспортида тегажоғликка қарши қандай курашилаётгани ҳақида сўзлаб берди. Унинг сўзларига кўра, ҳар қандай ҳуқуқбузарликлар ва жиноятлар, жумладан, тегажоғлик билан тўқнашганда, жамоат транспорти ҳайдовчилари эшикларни ёпиш ва тўғридан-тўғри милиция бўлимига бориш, тўхташ жойларини четлаб ўтиш ва маршрутдан четга чиқиш ҳуқуқига эга.

Исроил элчиси Зехавит Бен-Хиллель (чапда).

Элчининг таъкидлашича, ўтган йили Исроилда ҳам жинсий харассментга қарши кампания ўтказилган. Бироқ, шунга қарамасдан, тегажоғлик ҳолатлари учраб туради, шунинг учун бу ҳақда кўпроқ гапириш лозим:

«Бизнинг инсоний ишимиз — аёллар қаерда бўлишидан қатъий назар ҳимоя остида эканлигига ишонч ҳосил қилишдан иборат. Фроттеризм ва жинсий харассмент, афсуски дунёда кенг тарқалган муаммодир. Буни англаш — муваффақият гаровидир. Агар биз бу ҳақда гапираверсак, одамлар тегажоғлик ёмонлигини уқиб олади ва тушунади».

Зехавит Бен-Хиллель аҳоли хабардорлиги билан жамоат транспортидаги тегажоғлик ҳолатлари камайишига умид билдирди ва бу унинг учун ҳам аёл ҳам инсон сифатида муҳимлигини таъкидлади.

ТШТХ раҳбарининг биринчи ўринбосари Агзам Абдуллаевнинг қўшимча қилишича, бошқа жамоат транспортлари, хусусан, Тошкент метрополитени ўрнак олиб, ерости йўлида тегажоғлик ҳолатларига қарши курашишни бошлаши мумкин.

605 агентлиги раҳбари Отабек Шарапов эса кўнгиллилар аллақачон Тошкент метрополитени раҳбариятига мурожаат билан чиқишгани, бироқ, жавоб ҳали олинмаганини маълум қилди.

Азиза Умарова шунингдек, жамоат транспортини ривожлантириш муҳимлигини қайд этди. Жумладан, у имконияти чекланган шахсларга жамоат транспортининг ноқулайлиги муаммоси билан шуғулланиш ниятида эканлигини маълум қилди.

«Мен жисмоний муҳитда — одамлар автобус бекатига қандай етиб олиши билан боғлиқ жуда катта муаммолар борлигини тушунаман. Бироқ, пандуслар муаммоси, ҳозирда шундоқ ҳам камайиб кетаётган автобуслар, улардаги ноқулайликлар ҳамда эшитиш ва кўришда нуқсони бўлган йўловчилар учун аудио ва визуаль хабарномалар мавжуд эмаслиги — бу ваколатим доирасида ҳал қилишга уриниб кўришим мумкин бўлган кейинги муаммолардир», — деди у.