Республика бўйлаб шифохоналарда ЎРВИга чалинган болалар учун қўшимча қарийб 6 минг ўрин-жой ташкил қилинди, дея хабар бермоқда ССВ матбуот хизмати.

Таъкидланишича, октябрь ойидан республика бўйлаб болалар орасида «ўткир респиратор вирусли инфекцияларнинг (ЎРВИ) даврий кўтарилиши кузатилаётгани» сабабли фуқароларнинг тиббиёт муассасаларига мурожаатлари ҳамда «Тез ёрдам»га чақириқлар сони сезиларли даражада ортган.

Юзага келган вазиятни инобатга олган ҳолда зарур чора-тадбирлар кўрилган. Жумладан, Тошкент шаҳар шифохоналарида қўшимча 884 та, республика бўйича 5062 та стационар ўрин-жой ташкил этилган.

25 ноябрь ҳолатига кўра, пойтахт шифохоналаридаги ўрин-жойлар сони 3521 тага, республика бўйича эса қарийб 19800 тага етказилган.

«Айни пайтда Тошкент шаҳар тиббиёт муассасаларида бўш ўринлар сони 661 та, республика бўйича 4 700 тани ташкил қилмоқда», — дейилади вазирлик хабарида.

Қайд этилишича, болалар орасида ЎРВИнинг даврий кўтарилиши кузатилаётгани муносабати билан ССВда ишчи гуруҳи тузилиб, 13 ноябрь куни Тошкент шаҳар тиббиёт муассасаларида қўшимча ўрин-жойлар ташкил этилган.

Маълумот учун, 7−17 октябрь кунлари Тошкент шаҳар «Тез ёрдам» хизматига бемор болалар бўйича жами келиб тушган чақириқлар сони 13 минг 820 тани ташкил этганини хабар қилинган эди.