25 ноябрь куни Туркманистон жамоат ташкилотлари марказида ўтказилган йиғилишда 2022 йил шиори эълон қилинди, дея хабар қилди Давлат ахборот агентлигининг «Золотой век» электрон нашри. Унга кўра, «Халқнинг Аркадағли замонаси» келгуси йил шиори сифатида шиори танланган.

Таъкидланишича, янги йил шиори юзасидан аҳоли таклифлари ўрганилган.

«Жорий йилнинг октябрь-ноябрь ойларида мамлакатимиз жамоат ташкилотлари вакиллик, этрап ва шаҳар бирлашмалари ҳамда уларнинг бўлимлари меҳнаткашлари ва аъзоларининг йиғилишлари ўтказилиб, унда 2022 йил шиорини белгилаш бўйича таклифлар муҳокама қилингани алоҳида таъкидланди», — дейилади хабарда.

Илгари сурилган таклифларни ўрганиб, 2022 йил шиорини мамлакат раҳбари Аркадағ номи билан боғлашга қарор қилинган ва «Халқнинг Аркадағли замонаси» (Halkyň Arkadagly zamanasy) шиори танланган. «Бу шиор — бахтли давр асосини яратган, халқни, Ватанни янги марралар сари етакловчи қаҳрамон президентимизга юксак ҳурмат-эҳтиромдир», — дейилади хабарда.

Тадбирда сўзга чиққанлар таклифни бир овоздан қўллаб-қувватлашган. Шунингдек, тадбир давомида Туркманистон ташқи сиёсатининг асосий йўналиши «аввалгидек тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни янада ҳар томонлама мустаҳкамлаш, шунингдек, Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишга қаратилгани» алоҳида қайд этилган.

Маълум қилинишича, мамлакат президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ташаббуси билан Туркманистонда ҳар бир йил муайян шиор остида ўтказилади. Хусусан, 2021 йил мамлакатда «Туркманистон — тинчлик ва ишонч юрти» шиори остида ўтмоқда.