Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов бугун, 26 ноябрь куни тунда Самарқанд вилояти Жомбой туманидаги 28-умумтаълим мактабига борди, деб хабар берди вазирлик матбуот хизмати «Газета.uz»га.

Маълумотга кўра, 1975 йилда ҳашар йўли билан қурилган мазкур мактабнинг бугунги кундаги ўқувчилар сиғими 2 коэффицентдан ошиб кетган.


Халқ таълими вазири синфхоналарни кўздан кечирар экан қишки мавсумда ўқувчиларнинг муносиб шароитларда таълим олишини таъминлаш мақсадида яқин ҳудудда жойлашган касб-ҳунар коллежига қисқа муддатда кўчириш чорасини кўришни сўраган.

«Биринчи навбатда ўқувчиларнинг таълим олиши учун муносиб шароит яратишимиз зарур. Бино эски бўлганлиги сабабли имкон борича тезроқ болаларни бошқа бинога кўчириб, мактабни инвестиция дастурига киритиш чорасини кўришимиз лозим», — деди Бахтиёр Саидов.

Аввалроқ, халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов ўқитувчилар ва ота-оналарга мурожаатиниэълон қилган эди.Унда у бутун халқ келажагига дахлдор соҳанинг улкан масъулиятини таъкидлади. «Бугун ечими кечикаётган ҳар бир муаммо эртага фалокатга айланишига шак-шубҳа йўқ», — деди вазир ва барчани таклиф ва мулоҳазаларни юборишга чақирган.

Қайд этилишича, ХТВ раҳбари Самарқанд вилоятида 4 та мактабга ва Ўқитувчилар малакасини ошириш марказига ташриф буюрган.