Тошкентда 12 гектар ер майдонини 1,5 млн доллар эвазига олиб бермоқчи бўлган шахслар ушланди. Бу ҳақда ДХХ ахборот хизмати хабар берди.

Тошкент шаҳар Олмазор тумани ҳокимлигининг мансабдор шахсларидан бири ноқонуний даромад олиш мақсадида 2 нафар фуқаро билан келишади. Улар тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган шахснинг ишончига киришади.

Унга пластик трубалар ишлаб чиқарувчи завод қуриши учун юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали Тошкент вилоятининг Зангиота тумани ҳудудидан 12 гектар ер майдони олиб бериш эвазига 1 млн 560 минг доллар талаб қилишади.

Ўтказилган тезкор тадбири давомида, улар Тошкент шаҳридаги ресторанлардан бирида аванс сифатида 50 минг долларни олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланди.

Яна бир бошқа ҳолатда Марказий банкнинг Тошкент шаҳар бошқармаси ходими Тошкент вилоятида яшовчи фуқарони ҳокимият тизимида ишловчи танишлари орқали 2022 йилнинг март ойига қадар Тошкент шаҳрида субсидия ҳисобидан уй-жой олувчилар рўйхатига киритиш ҳамда уй-жой олишида кўмаклашишни ваъда қилади. Бунинг эвазига ундан 2000 доллар олган вақтида ДХХ, ИИВ, Тошкент вилоят прокуратураси ҳамда Департаментнинг Тошкент вилояти бошқармаси ходимлари томонидан ушланди.

Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан Жиноят Кодексининг 168- (Фирибгарлик) ва 28/211-моддалари (Пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.