Рецептсиз бериладиган дори воситалари рўйхати янгиланмоқда. Бу орқали «ортиқча оворагарчилик ва бюрократик тўсиқларга чек қўйилади», дея хабар берди ССВ матбуот хизмати.

«Шундай дори воситалари борки, агар улар шифокор тавсиясисиз истеъмол қилинса, инсон ҳаёти ва саломатлиги учун жиддий хавф туғдириши мумкин. Аммо яна шундай препаратлар мавжудки, уларни дорихоналардан ҳеч қандай чекловларсиз, яъни рецептсиз харид қилса бўлади», — дея таъқидлади вазирлик.

Маълумотга кўра, июль ойидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги буйруғи асосида Рецептсиз бериладиган дори воситалари рўйхати кескин камайтирилгач, монопрепаратлар позицияси 105 тага, мажмуавий препаратлар рўйхати эса 118 тага қисқариб кетган.

ССВ таъкидлашича, бунинг оқибатда рецептсиз ҳам берилиши мумкин бўлган дориларни харид қилиш учун бемор йўл босиб, вақт йўқотиб, навбат кутиб шифокор қабулига киришга мажбур бўлмоқда. «Борди-ю, қўшимча текширувлар талаб этилса, яна навбат асосида тиббий хулосани олгач, врач ҳузурига такрор кириб рецепт ёздириб олишига тўғри келяпти».

«Бундай оворагарчилик ва бюрократик тўсиқлар аҳолининг тиббиёт тизимига нисбатан ишончи камайишига, қолаверса, фармацевтика компанияларининг ҳақли эътирозларига сабаб бўляпти. Негаки, қонунчилик талабларига кўра, рецепт асосида бериладиган препаратларни тарғибот қилиш тақиқланган. Бу эса аҳолининг зарур дори воситалари ҳақидаги маълумотлардан хабардорлигини чекламоқда», дейилади хабарда.

Вазирлик темпалгин, мукомилт, дексафлю, табекс каби қатор препаратларни мисол қилиб келтириб, чет эл дорихоналаридан ҳеч қандай чекловларсиз харид қилиш мумкинлигини, лекин Ўзбекистонга бунинг учун рецепт сўралишини қайд этди.

«Соғлиқни сақлаш вазирлиги ана шу муаммоларга ечим топиш учун келиб тушаётган эътироз ва мурожаатлар, қолаверса, халқаро амалиёт ҳамда хорижий тажрибани чуқур ўрганган ҳолда, Монополияга қарши курашиш қўмитаси билан биргаликда амалда бўлган рецептсиз бериладиган дори воситалари рўйхатини бекор қилиб, уни янгилаш бўйича буйруқ лойиҳасини ишлаб чиқди. Унга мувофиқ, рецептсиз бериладиган препаратлар рўйхати кенгайтирилмоқда», дейилади хабарда.