Австриядан Ўзбекистонга COVID-19га қарши курашни қўллаб-қувватлаш доирасида 150 минг доза «AstraZeneca» вакцинаси жўнатилди, дея хабар берди «Дунё» ахборот агентлиги.

Ўзбекистоннинг Венадаги Eвропа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳамда бошқа халқаро ташкилотлардаги доимий миссиясига кўра, вакциналар Австрия ҳукумати томонидан беғараз ёрдам ва мустаҳкам дўстлик рамзи сифатида тақдим этилган.

Қайд этилишича, Ўзбекистоннинг Венадаги элчиси Абат Файзуллаев Австрия ташқи ишлар вазирлиги вакиллари билан биргаликда Тошкентга инсонпарварлик юкларини жўнатиш маросимида қатнашган.

Томонлар вакциналарни манзилга безарар етказиб бериш учун тиббий маҳсулотларни ташишнинг барча жиҳатларини таъминлаш масалаларини ҳисобга олган. Хусусан, вакциналар махсус совутгичли контейнерга жойлаштирилган. Унда совутиш жараёни ва 2−7 даражали ҳарорат таъминланади. Юкни Тошкентга етказиш «Vie Pharma Handling Center» махсус транспорт хизмати томонидан амалга оширилмоқда.

Ушбу гуманитар ёрдам бўйича келишув Австриянинг Европа ва ташқи ишлар бўйича вазири Михаэль Линхартнинг 7−8 ноябрь кунлари Ўзбекистонга ташрифи чоғида эришилган эди.

Эслатиб ўтамиз, сентябрь ойида Ўзбекистонга Польшадан AstraZeneca вакцинасининг 252 минг дозаси олиб келинган эди. Шунингдек, ушбу ойнинг ўзида COVAX дастури доирасида Германия худди шу вакцинанинг 356 минг дозасини Ўзбекистонга совға қилганди.