24 ноябрь куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган йиғилишда томорқа хўжалигини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди, дея хабар берди президент матбуот котиби Шерзод Асадов.

Давлат раҳбари 500 минг гектардан зиёд томорқалардан самарали фойдаланиш учун 2022 йилда 100 млн доллар ажратилишини таъкидлади. Шунингдек, томорқада деҳқончиликни йўлга қўйиш учун оилавий тадбиркорлик дастури шартлари асосида имтиёзли кредитлар берилади.

Томорқада етиштирилган маҳсулотларни кафолатли харид қилиш мақсадида ҳар бир туманда кооперациялар ташкил этилиб, уларни жиҳозлашга 30 фоизгача субсидия берилиши маълум қилинди. Сув таъминоти оғир томорқа ерлари ва фойдаланишдан чиққан майдонларни суғориш харажатларини қисман қоплашга келгуси йилда 50 млрд сўм ажратилади.

«Аҳоли даромадини ошириш ва бозорлар тўкин-сочинлигини таъминлаш учун ҳар бир хонадонда камида 100 та парранда, 20 та қуён, 5−6 та қўй ва эчки, 5 та асалари уялари боқишни йўлга қўйиш зарур», — дея таъкидлади йиғилишда Шавкат Мирзиёев.

«Ҳоким ёрдамчилари маҳаллада ишларни шундай лойиҳалардан бошлаши керак», дея қўшимча қилди президент.

Президент матбуот хизматининг хабар беришича, томорқа хизмати корхоналарига ҳам 300 млн сўмгача гаровсиз кредит берилади. Самарали ишлаётган шундай корхоналар негизида томорқа хизмати кластерлари ташкил этилади. Уларда кўчатчилик иссиқхонаси, кичик техника парки, совуткичли омборхона, қуритиш, саралаш ва қадоқлаш каби хизматлар жамланади.

Томорқада етиштирилган маҳсулотларни харид қилиш мақсадида ҳар бир туманда кооперациялар ташкил этилиб, уларга субсидия берилади. Сув бориши қийин томорқалар ва фойдаланишдан чиққан майдонларни суғориш харажатларининг бир қисмини бюджетдан қоплаш тартиби 2026 йил 1 январгача узайтирилади.

Йиғилишда томорқа хўжалиги соҳасидаги лойиҳалар янгича механизм асосида амалга оширилиши қайд этилди:

  • ҳоким ёрдамчилари томонидан ҳар бир маҳаллада кооперация асосида парранда, қуёнчилик, қўй-эчкичилик, асаларичилик билан шуғулланиш истагини билдирган етакчи тадбиркорлар аниқланади;
  • тижорат банклари томонидан ушбу тадбиркорлар билан лойиҳа ишлаб чиқилиб, уларга кредит ажратилади;
  • ҳар бир туманда етказиб берувчи ташкилотлар рўйхати шакллантирилиб, жойларда «мобил тарқатиш хизматлари» фаолияти йўлга қўйилади;
  • ушбу лойиҳаларга оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида 2 триллион сўмдан зиёд кредит ажратилади;
  • ҳар бир туманда ветеринария хизматлари кўрсатиш ва озуқа-ем тарқатиш, аҳолини ўқитиш марказлари очилади.

Бундан ташқари, Боғдорчилик агентлигининг вилоят бўлимлари, туманларда Мева-сабзавот ва узумчиликни ривожлантириш бўйича лойиҳа офисларини ташкил этиш бўйиа кўрсатмалар берилди.

Лойиҳа офислари интенсив боғларни барпо этишга яроқли ер участкаларини танлаб, очиқ танловга чиқаради; тижорат банклари билан бирга ажратилаётган кредитлар доирасида мева-сабзавотяилик лойиҳаларини ишлаб чиқади; кўчатлар, минерал ўғитлар етказиб бериш, агрохизматлар кўрсатиш, маҳсулотни сотишни ташкил этишга кўмаклашади.

Маълумот учун, 2017 йилнинг январь ойида президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистондаги йиғилишда кам таъминланган оилаларга паррандачилик билан шуғулланишни тавсия этган эди. «Республика бўйича, айниқса, Қорақалпоғистонда қишлоқда яшовчи ҳар бир хонадон 100 тадан товуқ боқишга мажбур. 100 та товуқ энг камида кунига 50 та тухум беради. 10 тасини ўзи еб, ҳар куни 40 тадан тухум сотса, кам таъминланган оила бўлмайди. Бу эртанги иқтисодиётимизнинг барқарорлиги», деган эди у.