2022 йилда Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 33,5 млрд долларни ташкил этиши кутилмоқда

2022 йил якунига умумий давлат қарзи 33,5 млрд доллар ёки ЯИМга нисбатан 45,2 фоизни ташкил этиши прогноз қилинмоқда. Шундан, давлат ташқи қарзи 30,4 млрд долларни ёки ЯИМга нисбатан 41 фоизни ташкил этади. 2022 йилда кутилаётган бюджет тақчиллигининг 66 фоизи ташқи манбалар ҳисобидан қопланиши мўлжалланмоқда.

Ўзбекистон ва Тожикистон Миллий гвардияси ўртасида ҳамкорлик режаси имзоланди

Тожикистон Миллий гвардияси қўмондони генерал-лейтенант Бобожон Жамолзода бошчилигидаги делегация илк бора Ўзбекистонга ташриф буюрди. Унинг доирасида 2022 йилга мўлжалланган икки томонлама амалий ҳамкорлик режаси имзоланди.

Ўн ойда 57,1 млрд кВт соат электр энергияси ишлаб чиқарилган

Январь-октябрь ойларида йирик корхоналар томонидан 57,1 млрд кВт соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 4,9 млрд кВт соатга ёки 9,4% га ўсган. Аввалроқ Энергетика вазирлиги сув танқислиги туфайли мамлакат ГЭСларида электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми қарийб 23 фоизга камайганлигини маълум қилган эди.

Ўзбекистон МДҲ мамлакатлари орасида электрон чиқиндилар бўйича етакчилардан бири — БМТ

БМТ экспертлари МДҲнинг 11 давлати ва Грузиядаги электрон чиқиндилар билан боғлиқ вазиятни ўрганиб чиқдилар. Унга кўра, ушбу ҳудудларда сўнгги ўн йил ичида полигонларга тушадиган электрон чиқиндилар миқдори 1,5 баравар ошган. Уларнинг аксарияти Россия, Украина, Қозоғистон ва Ўзбекистонда. Бу ерда электрон чиқиндиларнинг атиги 3,2 фоизи қайта ишланган.

IMEI кодларини рўйхатдан ўтказиш жараёнини осонлаштириш керак — Шерзод Шерматов

АКТ вазири Шерзод Шерматов таъкидлашича, IMEI кодларини рўйхатдан ўтказиш жараёнини истеъмолчилар учун янада осонлаштириш йўлларини топиш керак. «Бунинг учун барча чораларни кўриш зарур», — деди у.

ХТВ раҳбари: «Ота-оналар ҳамда болаларнинг келажакка ишончини уйғотиш — бизнинг қўлимизда»

Янги Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов ўқитувчилар ва ота-оналарга мурожаатини эълон қилди. Унда у бутун халқ келажагига дахлдор соҳанинг улкан масъулиятини таъкидлади. «Бугун ечими кечикаётган ҳар бир муаммо эртага фалокатга айланишига шак-шубҳа йўқ», — деди вазир ва барчани таклиф ва мулоҳазаларни юборишга чақирди.

Нукусда талаба ис газидан заҳарланиб, вафот этди

Нукусда ижарада яшовчи талаба хонадондаги иситиш қозони оташхонасидан чиққан ис газидан заҳарланиб, вафот этганлиги аниқланди.

Талабаларга контрактини тўлаб берган ҳокимликлар рейтинги эълон қилинди

Иқтисодий-ижтимоий муаммоларга дуч келаётган, иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида уларнинг контрактларини тўлаб берган энг фаол ҳокимликлар рейтинги эълон қилинди. Унга кўра, Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов тумани ҳокимлиги энг кўп талабаларга моддий кўмак кўрсатган (242 нафар талаба — 662, млн сўм).

Янгиҳаёт туманининг айрим ҳудудларида электр таъминоти вақтинча узилади

25 ноябрь куни Тошкент шаҳар Янги ҳаёт туманининг айрим ҳудудларида электр энергияси таъминоти вақтинча тўхтатилади. Тармоқда таъмирлаш ишлари амалга оширилиши муносабати билан, тумандаги айрим МФЙлар, тадбиркорлик субъектлари, маиший объектлар ва аҳоли истеъмолчилари соат 11:00 дан 16:00 гача вақтинча таъминотдан узилади.

«Ҳар бир хонадонда камида 100 та парранда, 20 та қуён, 5−6 та қўй ва эчки, 5 та асалари уялари боқишни йўлга қўйиш зарур» — Шавкат Мирзиёев

Президент раислигидаги йиғилишда 500 минг гектарлик томорқалардан фойдаланиш учун 100 млн доллар ажратилиши маълум қилинди. Шавкат Мирзиёев аҳоли даромадини ошириш учун ҳар бир хонадонда камида 100 та парранда, қуён, қўй, эчки, асалари уялари боқишни йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлади. Томорқа хўжалигини ривожлантириш учун субсидиялар, гаровсиз кредитлар ажратилади, ҳар бир туманда кооперациялар ташкил этилади.

Туркманистон билан чегарадаги иккита назорат пунктлари фаолияти тикланмоқда

Ўзбекистон ва Туркманистон 26 ноябрдан бошлаб контактсиз юк ташиш йўлга қўйилиши керак бўлган «Хўжайли» ва «Шовот» чегара ўтказиш пунктлари фаолиятини тиклаш устида ишламоқда.

ОТБ Тошкент вилоятида сув таъминотини яхшилаш учун $161 млн ажратмоқда

Осиё тараққиёт банки Тошкент вилоятида сув таъминоти тизимини яхшилаш учун 161 млн доллар миқдорида кредит ажратмоқда. Лойиҳа доирасида Оҳангарон, Олмалиқ, Ангрен, Бекобод, Чирчиқ, Янгийўл ва Чиноз шаҳарларининг марказлашган оқава сув тизимларини модернизация қилинади. Чиноз, Янгийўл ва Зангиота туманларидаги 70 та қишлоқ аҳоли пунктларида 136 минг нафар аҳолига септиклар ўрнатилиб, марказлаштирилмаган канализация тармоқларига кириши таъминланади.

Ўзбекистонда янги Silk Avia авиакомпанияси ташкил этилмоқда

Uzbekistan Airports Silk Avia ҳудудий шўъба авиакомпаниясни ташкил этмоқда. Янги авиакомпания вилоятлар ўртасида мунтазам парвозларни амалга ошириб, чипта нархларини «темирйўл чипталари билан мос» қилади. Uzbekistan Airports биринчи босқичда бошқарувчи компания бўлади. Кейинчалик авиаташувчи хусусий секторга ўтказилади.

«Газета.uz»да чиққан фотоматериаллар:

Тошкент вилоятида ГЭС қуриш учун Пском дарёси йўли ёпилди — фоторепортаж

Бўстонлиқ туманида «Пском ГЭС»нинг тўғонини қуриш учун дарё йўли ёпилди. Эндиликда Пском дарёси суви ер ости туннели орқали ўтказилади. ГЭС лойиҳаси 2026 йилда тўлиқ фойдаланишга топширилади ва йилига 946 млн кВт соат электр энергия ишлаб чиқарилади. Пском дарёси йўлини тўсишга бағишланган тадбирдан «Газета.uz» фоторепортажи.