25 ноябрь куни Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида «Ўзбекгидроэнерго» АЖ томонидан қурилаётган «Пском ГЭС»нинг биринчи тўсиқ дарвозаси ёпилиб, Пском дарёси йўли тўсиб қўйилди, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Ушбу тадбирда «Ўзбекгидроэнерго» АЖ бошқарув раиси Абдуғани Сангинов, қурилиш вазири Ботир Зокиров ҳам қатнашишди.


Ботир Зокиров (чапда) ва Абдуғани Сангинов (ўнгда). Фото: Абдулло Ёдгоров / «Газета.uz»

«Пском ГЭСи ноёб ва мураккаб лойиҳа ҳисобланади. Геологик қидирув ишларининг ўзига 2,5−3 йил кетди… Чорвоқ сув омборимиз тўғони 167 метр, Тўпаланг тўғони 187 метр, Пском сув омбори тўғони эса 200 метр бўлади. Бу жаҳоннинг энг йирик тўғонлари ўнталигига киради дегани», — дея таъкидлади Абдуғани Сангинов. «Энг муҳими хавфсиз бўлсин», дея қўшимча қилди у.

Тадбир аввалида Қуръон тиловат қилиниб, ГЭС хавфсиз ва фақат фойда келтириши учун қўллар дуога очилди.


Президентнинг тегишли қарори билан узунлиги 73 км бўлган Пском дарёсида умумий қуввати 1320 МВт ва йиллик ишлаб чиқариш 3140 млн кВт соатга тенг 5 та йирик ГЭС қуриш кўзда тутилганди.

Шулардан бири Пском ГЭС ҳисобланиб, Тошкентдан шимоли-шарқда 120 км узоқликда, Чорвоқ сув омборидан 45 км юқорида жойлашган. ГЭС қуввати 400 МВтга етади.


Пском дарёси гидро салоҳиятидан фойдаланиш мақсадида техник иқтисодий асоснома дастлаб 1987 йилда ишлаб чиқилган.

2018 йилга келиб эса «Гидропроект» АЖ томонидан ишлаб чиқилган техник топшириқ асосида маҳаллий ва хорижий ташкилотлар томонидан қидирув-тадқиқот ишлари олиб борилди. Лойиҳанинг геология асосномаси ва геологик қидирув материаллари Россиянинг «Ленгидропроект» томонидан қайта кўриб чиқилиб, тегишли хулоса берилган. Қолаверса, лойиҳанинг техник ечимлари Германиянинг «Tractebel Engineering GmbH» халқаро инжирининг компанияси хулосаси асосида ҳам олинган.

Шунингдек, Росссиянинг «Ингеопроект» ташкилоти томонидан Пском дарёси тубида бурғулаш ишлари олиб борилди.


Пском сув омбори тўла ҳажмда 511,2 млн метр кубни, ундан олинадиган самарали сув эса 468,9 млн метр кубни ташкил қилади. Лойиҳа доирасида 799,6 млн долларга тенг инвестиция ўзлаштирилиши кўзда тутилган.

Лойиҳа мураккаблиги жиҳатидан келиб чиқиб, икки босқичда амалга оширилиши белгиланган.

Биринчи босқичда, 2018−2021 йиллар мобайнида 412 млн долларга тенг объектларни қуриш, жумладан, гидротехника иншоотлари, ер ости сув ўтказувчи туннеллар, ГЭС биноси ва 260 кмлик электр энергиясини узатиш тармоқлари ҳамда инфратузилма объектларини қуриш ишлари бажарилмоқда.


Иккинчи босқич, яъни 2022−2026 йиллар мобайнида 387,6 млн долларга тенг бўлган тўғон қуриш ишларини амалга ошириш режалаштирилган. Мазкур тўғонни барпо этиш юзасидан Пском ГЭСнинг биринчи тўсиқ дарвозасини ёпилиб, Пском дарёси сувининг йўли тўсилди.

Эндиликда Пском дарёси суви оқиб ўтиши учун қарийб 10 метрни ташкил этувчи ер ости туннели орқали ўтказилади. Бу вақтда эса йирик сув омбори тўғонини қуриш ишлари олиб борилади.

Лойиҳа 2026 йилда тўлиқ фойдаланишга топширилади ҳамда йилига ўртача 946,1 млн кВт соат электр энергиясини ишлаб чиқариш бўйича қувватлар яратилади. ЎзА ёзишича, ГЭС қуввати йилига 300 минг тонна шартли ёнилғи ўрнини босади. Бу билан 250 миллион куб метр табиий газни тежаб қолиш мумкин.

Фото