2022 йилда Москвада меҳнат мигрантлари учун патент нархи ойига 5341 рублдан ёки 770,9 минг сўмдан (Ўзбекистон Марказий Банкининг 2021 йил 25 ноябрдаги курси бўйича) 5900 рубль ёки 851,6 минг сўмгача оширилади. Бу ҳақда Москва шаҳар иқтисодий сиёсат бошқармаси бошлиғи Кирилл Пуртов хабар берди.

Агар 2020−2021 йилларда хорижий ишчилар, жумладан ўзбекистонликлар ҳам, патент учун 5341 рубль тўлашган бўлса, кейинги йилдан ушбу ҳужжат учун 5900 рубль тўлаш керак бўлади.

2021 йилнинг биринчи ярмида меҳнат мигрантлари учун анъанавий бўлган саноат тармоқлари, жумладан, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалигида расмий иш ҳақи 2020 йилга нисбатан 9,5 фоизга ошди, дейилади Москва ҳукумати хабарида.

Патент нархларининг ошиши меҳнат мигрантлари учун солиқ юкини тенглаштириш ва Россия меҳнат бозорида иш ўринларини ҳимоя қилишга ёрдам бериши айтилмоқда. Маълум қилинишича, мазкур қарор доирасида қўшимча бюджет даромадлари тахминан 1,7 миллиард рублни (22,8 млн доллар) ташкил қилади.