Тошкент шаҳрининг Миробод туманидаги Фарғона йўли кўчасида жойлашган Ўзбекистон Адлия вазирлигига қарашли Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази биноларидан бири бузилиши хавфи остида эканлиги айтилмоқда. Бу ҳақда «Газета.uz»га пойтахт ҳокимлигидаги манба ва яна икки манба хабар қилди.


Республика суд экспертизаси маркази биноси. Фото: Google Images, 2021 йил, август.

Суд экспертизаси маркази аввал Чилонзор туманида, «Новза» метро бекатидан унча узоқ бўлмаган жойда жойлашган эди. 2019 йилнинг март ойида Президент қарори билан марказ учун маъмурий бино, суд экспертларининг малакасини ошириш ўқув маркази, материаллар, моддалар ва маҳсулотларнинг суд-тиббий экспертизаси лабораторияси ва инсон ДНКсининг суд-биологик экспертизалари учун лабораторияни ўз ичига олган тўртта корпусдан иборат янги ихтисослаштирилган мажмуа қурилган эди.


Тахмин қилинаётган бузилиш Фарғона йўли бўйида жойлашган бинони ўз ичига олади. Фото: Google Earth, 2021 йил, июль.

Республика суд экспертизаси маркази матбуот котиби Саидиллахўжа Саидхўжаев «Газета.uz»га, йил бошида янги маъмурий бино қурилиши бошлангани, июнь ойида ходимлар ўша ерга кўчиб ўтганини маълум қилди. Бир ой муқаддам ҳозирги собиқ маъмурий бинонинг фасади ва ён қисмлари махсус мато билан қопланганлиги бузиб ташланиши тўғрисидаги мулоҳазаларга сабаб бўлган эди.


Фото: Шуҳрат Латипов / «Gazeta.uz», 23 ноябрь, 2021 йил.

Марказ вакилининг сўзларига кўра, бинолар мажмуаси ҳалигача Тошкент ҳокимлиги балансида бўлгани сабабли марказда маъмурий бинонинг кейинги тақдири ва қурилиш ишларининг қиймати тўғрисида ҳозирча ҳеч қандай маълумот йўқ.

«Газета.uz» пойтахт ҳокимлиги матбуот хизматига сўров юборган, бироқ жавоб олмаган.

Марказ яқинида нима қурилмоқда

«Газета.uz» мухбири Республика суд экспертизаси маркази жойлашган ҳудудда бўлди. Марказнинг ҳар икки томонида йирик бизнес мажмуалари қурилмоқда.


Фото: Шуҳрат Латипов / «Газета.uz».

Марказнинг чап томони Ozun Tashkent Construction`га (асосчиси — Olmazor City инвестори ҳисобланган Ozun Insaat Yatirim Danishmanlik Anonim Sirketi) тегишли Bizning Uylar Development савдо белгиси остидаги Alfraganus савдо квартали лойиҳасининг байроғи туширилган тўсиқ билан ўралган.

Alfraganus савдо офиси ва лойиҳанинг субпудратчиси сифатида фаолият юритувчи Discover Invest компаниясининг маълум қилишича, Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази бинолари жойлашган ҳудуднинг Discover Invest ва Bizning Uylar Development компанияларига ҳеч қандай алоқаси йўқ.


Республика суд экспертизаси марказидан 300 метр масофада Orient City бизнес-парки, шунингдек, Golden House`дан бизнес-классдаги квартиралар қуриш режалаштирилган.

Геопортал ва Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигининг Кўчмас мулк ҳуқуқлар давлат реестри маълумотларига таяниб хулоса қилиш мумкинки, Alfraganus ва Orient City лойиҳалари ўнлаб гектар майдонни эгаллайди.


2020 йил 24 февралда Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқлар давлат реестрида 121,5 минг квадрат метр (12,1 гектар) ер майдони Altair Building Partners компанияси ҳисобига рўйхатга олинган. Рўйхатга олиш китобида ҳуқуқ тури кўрсатилмаган.


Майдони 115,1 минг квадрат метр (11,5 гектар) бўлган иккинчи ер участкаси 2020 йил 28 майда худди шу компания ҳисобига рўйхатга олинган. Бу ҳолатда ҳам ҳуқуқ тури очиқланмаган.


Манба: Геопортал.

Orient City лойиҳаси амалга оширилиши режалаштирилган 61,8 минг квадрат метр (6,1 гектар) майдон, реестрда 2021 йил 14 июнда рўйхатга олинган. Эгаси — Unique Creation, ҳуқуқ тури — ижара.

Таъкидлаш жоизки, мазкур ҳудудлар Суд-тиббиёт экспертизаси маркази ҳудудига кирмайди.

Altair Building Partners ва Unique Creation компаниялари ҳақида


USRPO очиқ маълумотларига кўра, Altair Building Partners 2019 йил 7 январда Тошкентда рўйхатдан ўтган. Асосий фаолият тури — турар-жой бўлмаган биноларни қуриш. Устав капитали — 249,3 млрд сўм.

Компания таъсисчилари сифатида туркиялик Altair Insaat Yatirim Gelistirme Anonim Sirketi (44,6%) ва Анвар Насирович Мираҳмедов (55,4%) кўрсатилган, раҳбари — Беҳруз Равшан ўғли.


Қурилиш ва пудрат ташкилотларининг онлайн рейтингида компания ишончлиликнинг №2 қониқарли даражаси (25% дан 30% гача) билан CC тоифага мансуб Рейтингда бундай компаниялар сони 9431 та.


Unique Creation 2021 йил 24 майда Тошкентда рўйхатга олинган. Асосий фаолият тури — турар-жой бинолари қурилиши. Устав капитали — 71,8 млрд сўм. Таъсисчилар сифатида Туркиянинг Golden House Development (99,2%) фирмаси ва Борис Борисович Яковлев (0,8%) кўрсатилган, раҳбари — Даврон Азамович Файзиматов.


Қурилиш ва пудратчиларнинг онлайн рейтингида компания ишончлиликнинг №3 энг паст даражаси (0% дан 5% гача) билан энг паст D тоифага мансуб. Рейтингда жами 16 та шундай компания мавжуд.