«Талабага мадад» талаба-ёшларнинг контрактини тўлаб, уларни қўллаб-қувватлаш бўйича энг фаол ҳокимликлар рейтинги эълон қилинди, деб хабар берди Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Садуллаев.

Иқтисодий-ижтимоий муаммоларга дуч келаётган, иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида қайси «туман-шаҳар ҳокимлари энг фаол экани», ҳудудларга нисбатан энг кўп талабага ёрдам берган ҳокимлар рейтингини шакллантирилди.

Унга кўра, Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов тумани ҳокимлиги энг кўп талабаларга моддий кўмак кўрсатган (242 нафар талаба — 662, млн сўм). Энг кўп контракт миқдорини эса Навоий шаҳри ҳокимлиги тўлаган (176 нафар талабага — 807,2 млн сўм).

«Талаба-ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган мазкур тизимни тушуниб, ёшлар билан ишлашга ҳаракат қилиб, уларнинг муаммоларини тинглагани, талабаларга илм олишида кўмак бергани учун ушбу ҳокимликларга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз! Бу тизимни янада такомиллаштириш устида ишлаяпмиз, жараён ҳали давом этади», — деб ёзади Алишер Саъдуллаев.

«Республика бўйича 6 та туманда лойиҳа доирасида мурожаат қилган талабаларнинг бирортасига контракт пуллари тўлаб берилмаган. Ёшларнинг манфаати учун бу бўйича тегишли чораларни кўрамиз», — дея қўшимча қилди у.