Ўзбекистон Транспорт вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси ва Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари туркманистонлик ҳамкасблари билан биргаликда 26 ноябрдан бошлаб давлат чегараси орқали иккита ўтказиш пункти фаолиятини тиклаш устида ишламоқда, деб хабар берди вазирлик матбуот хизмати.

Гап 2020 йилда коронавирус пандемияси сабабли ёпилган «Хўжайли — Куня-Ургенч» ҳамда «Шовот — Дашогуз» чегара ўтказиш пунктлари ҳақида кетмоқда. Улар бугунги кунда халқаро юк ташувлари учун фаолият юритаётган «Олот» чегара ўтказиш пунктига қўшимча бўлиши керак.

26 ноябрдан санитария-эпидемиология тадбирларига қатъий риоя этган ҳолда нейтрал зонада тиркама ва ярим тиркамаларни контактсиз алмашиш йўли билан қайта тикланиши кутилмоқда. Икки пунктнинг нейтрал зоналарида синов юк ташувлари 25 ноябрь куни амалга оширилди.

Бу ҳақда 18 ноябрь куни Ўзбекистон-Туркманистон ишчи гуруҳларининг транспорт ва логистика бўйича видеоконференцалоқа йиғилиши форматидаги учрашувида келишувга эришилди, дея аниқлик киритди вазирлик.