Ўзбекистон АҚШнинг «Демократия учун» саммитига таклиф этилмади

АҚШ Давлат департаменти «Демократия учун» саммитида иштирок этадиган давлатлар рўйхатини эълон қилди. Саммит доирасида авторитаризмдан ҳимоя қилиш, коррупцияга қарши курашиш, инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишга кўмаклашиш масалалари кўтарилади. Ўзбекистон таклиф этилганлар орасида йўқ.

Вазирликларнинг ҳудудий бўлинмалари битта бинога жойлаштирилади

Президент фармойишига кўра, Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари дастури лойиҳасига таклифлар ишлаб чиқилишида «вазирлик ва идоралар штат бирликларини мақбуллаштириш» устувор йўналиш ҳисобланади. Бундан ташқари, давлат бошқаруви органларининг мақомини белгилаш, «Очиқ идора» лойиҳасини амалга ошириш каби жиҳатлар ҳам шундай йўналишлардан ҳисобланди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги «Янги Ўзбекистон шифокорлари» платформасини ишга туширди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ёш (45 ёшгача) шифокорларнинг таклифлари учун ғояларни тўплаш мақсадида «Янги Ўзбекистон шифокорлари» платформасини яратди. Янги платформа дунёнинг исталган ҳудудида яшаб, меҳнат қилаётган ўзбекистонлик шифокорлар учун мўлжалланган.

Қорақалпоғистон ва Хоразм тадбиркорларига қатор имтиёзлар берилди

Президент қарори билан Қорақалпоғистоннинг айрим туманлари ва Хоразм вилояти тадбиркорларига қатор имтиёз ва преференциялар берилди. Мазкур ҳудудларда 85 та янги кичик саноат зонаси ташкил этиш режалаштирилган.

Тошкент вилоятида ўқувчилар мажбурий меҳнатга жалб қилинди

Давлат меҳнат инспекцияси Юқори Чирчиқ тумани 23-мактабда ўқувчиларнинг дарс машғулотларида мажбурий меҳнатга жалб этилганини маълум қилди. Шунингдек, бу каби ҳолат ҳафтасига кўп маротаба такрорланиб келаётганлиги айтилди.

Норвегиянинг Ўзбекистондаги янги элчиси тайинланди

Норвегиянинг Ўзбекистондаги элчиси этиб тайинланган Жон Микал Квистад Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камиловга ишонч ёрлиқларини топширди. Ўзаро суҳбат чоғида сиёсий, савдо-иқтисодий, Афғонистондаги вазият юзасидан фикр алмашилди.

ХДП барча аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш бўйича кафолатланган нафақа тўлашни таклиф этди

ЎзХДП ҳукуматга ҳомиладорлик ва туғиш бўйича давлат томонидан кафолатланган нафақа тўлашни жорий этиш таклифини киритди. Партия нодавлат сектордаги иш берувчилар ҳар доим ҳам бундай мажбуриятни бажармаслигини, ишсиз аёллар эса умуман олмаслигини таъкидлади. Буни халқаро ташкилотлар ҳам қайд этган.

Фарғона вилоятида содир бўлган иккита йўл-транспорт ҳодисасида 3 киши ҳалок бўлди

Фарғона вилоятида Nexia-3 ва Lacetti автомобиллари иштирокида содир бўлган иккита ЙТҲ натижасида 3 киши ҳалок бўлди. Улардан бири автоҳалокатдан кейин ёниб кетган машинада вафот этди.

«Тошкент ҳокими мени 450 млрд сўмга туширди». Президент пойтахтдаги жарликлардан қутилиш ҳақида

Шавкат Мирзиёев Шайхонтоҳур туманига ташрифи чоғида жарлар уни кўпдан бери қийнаб келаётган муаммо эканлигини маълум қилди. Жаҳонгир Ортиқхўжаев эса буни ҳал этиш учун унга 450 млрд сўм зарур эканлигини айтган. «Мен бу пулни эртагаёқ беришимни билдирдим», — деди президент. У шунингдек, жарликларни ёпиб, унинг ўрнига дарахт экиш ва йўл очиш бўйича топшириқ берган.

1 декабрдан Тошкент метросида жетонлар қабул қилинмайди

1 декабрдан бошлаб Тошкент метрополитенида аҳолида қолиб кетган жетонларни тўлов сифатида қабул қилиш тўхтатилади.

Тошкентда Пиза университети филиали ташкил этилди

Ҳукумат қарори билан Тошкентда Италиянинг X асрлик тарихга Пиза университетининг филиали ташкил этилди. Филиалда таълим 2022/2023 ўқув йилидан кундузги шаклда контракт асосида амалга оширилади. Битирувчиларга эса университет дипломи берилади.

Деҳқончилик учун 1 гектаргача ер ва имтиёзли кредит ажратилади

Президент қарори асосида пахта ва ғалладан қисқартирилган 200 минг гектар ер деҳқончилик учун ажратилади. Бунда электрон танлов орқали 1 гектаргача бўлган ер майдонлари ижарага берилади. Қолаверса, фермер ва деҳқонлар 100 млн сўмгача имтиёзли кредит ҳам олиши мумкин.