Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги «тиббиёт соҳасининг фаол ва ташаббускор ёш вакилларини» бирлаштириш мақсадида «Янги Ўзбекистон шифокорлари» платформаси ишга туширилганини эълон қилди.

«Президентимиз тиббиёт соҳасини халқимизни рози қиладиган тизимга айлантириш бўйича олдимизга жуда катта вазифаларни қўйган. Буларни тўлақонли рўёбга чиқариш, соҳада ўз ечимини кутаётган муаммоларни ҳал этиш учун янги ғоя ва ташаббуслар, креатив ёндашувлар ниҳоятда зарур. Бу борада Ватанимиз ва халқимизга сидқидилдан хизмат қилиш орзуси билан ёниб яшаётган, жамиятдаги янгиланишлар жараёнида фаол иштирок этиб, долзарб масалаларни дадил кўтариб чиқаётган ёш шифокорлар куч-ғайрати, азму шижоатига суянамиз», — дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарида.

Янги платформа 45 ёшгача бўлган шифокорлар учун мўлжалланган. Янги платформа дунёнинг исталган ҳудудида яшаб, меҳнат қилаётган ўзбекистонлик шифокорлар учун мўлжалланган.

«Шунингдек, энг яхши ғоя ва таклифлар берган ёш шифокорлар вазирлик истиқболли кадрлар захирасига киритилади», — дейилади вазирлик хабарида.

Лойиҳада иштирок этиш учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги веб-сайтидан рўйхатдан ўтиб, долзарб масалалар бўйича ўз фикр ва таклифларингизни юбориш керак. Муаллифларнинг махфийлиги кафолатланган.