Давлат бошқаруви органлари ва ҳокимликлар самарадорлигини ошириш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш ва «мобиль бошқарув аппарати»ни яратиш мақсадида «2022−2023 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари дастурини ишлаб чиқиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент фармойиши қабул қилинди. Бу ҳақда «Huquqiy axborot» Telegram-канали хабар берди.

Фармойишга кўра, Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари дастури лойиҳасига таклифлар ишлаб чиқилишида қуйидагилар устувор йўналиш ҳисобланади:

  • давлат бошқаруви органларининг мақомини белгилаш;
  • такрорланувчи вазифа ва функцияларини қисқартириш;
  • раҳбар ўринбосарларининг йўналишлар кесимидаги жавобгарлик чегараларини аниқ белгилаш;
  • вазирлик ва идоралар штат бирликларини мақбуллаштириш;
  • бошқарув жараёнини автоматлаштириш, иш юритувини тўлиқ рақамлаштириш;
  • «Очиқ идора» лойиҳасини амалга ошириш;
  • давлат хизматларини тўлиқ рақамлаштириш ва фуқароларнинг сансалорлигига барҳам бериш;
  • вазирлик ва идораларнинг айрим функцияларини нодавлат секторига ўтказиш;
  • тегишли вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бўлинмаларини битта маъмурий бинога жойлаштириш орқали аҳолига «Ягона дарча» тизими асосида хизмат кўрсатиш;
  • кадрларни танлов асосида ва кенг рақобат муҳитида ишга қабул қилишни тўлиқ жорий қилиш;
  • ўз устида ишламайдиган ва масъулияти бўлмаган кадрларга нисбатан «жамоавий таъсир»ни амалга ошириш;
  • вазирлик ва идораларда ягона кадрлар рейтингини юритиш;
  • давлат хизматчилари томонидан олинадиган кафолатланган бепул хизматлар ва воситалар пакетини ишлаб чиқиш;
  • тендер ва танловларни очиқ ва шаффоф ҳолда ўтказиш тизимини такомиллаштириш;
  • халқ депутатлари Кенгашларининг маҳаллалардаги мавжуд муаммоларни ҳал қилишдаги ролини ошириш;
  • маҳаллий вакиллик органларида доимий асосда фаолият юритувчи депутатлар корпусини шакллантириш;
  • ҳокимлар, уларнинг ўринбосарлари ва маслаҳатчиларининг ваколат чегарасини аниқ белгилаш.

Кеча президент «2022−2023 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари дастурини ишлаб чиқиш» бўйича топшириқ берган эди. Унда давлат бошқаруви тизими ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларини «аҳолининг фаровонлигини таъминлаш самарадорлиги»га эътибор қаратиш ҳамда «мобиль бошқарув аппарати»ни яратиш орқали уларнинг самарадорлигини ошириш мақсад қилинганлиги айтилган.

2017 йил сентябрь ойида президент фармони билан Ўзбекистонда Маъмурий ислоҳотлар концепцияси тасдиқланган эди. У «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак» тамойили ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишга, шунингдек, давлат бошқарувининг самарали ва шаффоф тизимини жорий этишга, мамлакатнинг халқаро майдонда рақобатбардошлигини оширишга қаратилган.