Аввалроқ, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Шайхонтоҳур тумани Сарҳумдон ва Гулобод маҳаллаларидаги шароитлар билан танишгани ҳақида ёзган эдик.

Давлат раҳбари шу куни туманнинг чиройини бузиб турган жарликлар ва улардан қутулиш кераклиги ҳақида ҳам гапирди, деб ёзмоқда Kun.uz.

«Менинг ҳар соат юришим 100 млрд сўмга тушади. Бугун ҳам Тошкентда бир соат юрганим учун Тошкент шаҳар ҳокими мени 100 млрд сўмга туширди. Умумий айтганда, у мендан кун бўйи юрганим учун 450 млрд сўм сўради. Бу бир мартадагиси, холос», — деди Шавкат Мирзиёев.

У сўзи давомида уни энг кўп қийнаётган масалалардан бири тумандаги жарликлар масаласи эканлигини айтган. «Бир пайтлар бош вазир бўлиб ишлаганимда буни охирига етказмагандим», — дея эслаган президент.

«Бу жарлар бизга ярашмайди. Жарлардан тезроқ қутулмасак, улар бизга касаллик тарқатаверади. Шуларнинг устини тўла ёпиб, атрофларига дарахт экиб, ёнидан йўл олиб чиқишимиз керак», — деди давлат раҳбари.

Ҳоким буни амалга ошириш учун 450 млрд сўм кераклигини айтган. «Мен эса бу пулни эртагаёқ беришимни билдирдим. Биз шу ишни қилсак, ҳам манзиллар яқин бўлади, ҳам касалликлар чиқиши камаяди», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Бу ҳақда бош вазир ва шаҳар ҳокими қатъий топшириқ олган, президент ишларни тезлаштириш кераклигини айтган.