Фарғона вилоятида иккита йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлиб, оқибатида 3 киши ҳалок бўлди, деб хабар берди вилоят ИИБ матбуот хизмати.

Бошқарма маълумотларига кўра, 19 ноябрь куни соат 16:10 ларда Фарғона ҳалқа йўлининг 257-километрида Олтиариқ тумани ҳудудидан ўтувчи 4Р-112-сонли қисмида ЙТҲ содир бўлган. 1985 й. т. ҳайдовчи Т. Э. бошқарувидаги Nexia-3 русумли автомашинаси 1998 й.т. фуқаро А. Ш. бошқарувидаги Lacetti билан тўқнашиб кетган. Ҳодиса оқибатида Nexia-3 автомашинаси ёниб кетган. Ҳайдовчи воқеа жойида вафот этган. Lacetti ҳайдовчиси ва унинг онаси Ҳ. Р. тан жароҳатлари билан касалхонага ётқизилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Олтиариқ тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.


Навбаҳор-Учуй-Олтиариқ-Водил автомобиль йўлининг Фарғона вилояти ҳудудидан ўтувчи 68-километрида яна бир ҳалокатли ЙТҲ содир бўлди. Lacetti русумли автомашина ҳайдовчиси белгиланган тезликни ошириб, бошқарувни йўқотиб, йўл четидаги дарахтга бориб урилган", — дейилади вилоят ИИБ хабарида. Ҳодиса оқибатида 22 ва 16 ёшли икки киши шифохонада вафот этган.