Президент Шавкат Мирзиёев Шайхонтоҳур тумани Сарҳумдон ва Гулобод маҳаллалари бўйлаб юриб, бу ердаги шароитлар билан танишди. Давлат раҳбари кўп қаватли уйларда яшовчи фуқаролар билан суҳбатда бўлди, дея хабар берди президент матбуот котиби.

Фуқаролардан бири президентга: «Невараларингиз, ўзингиз яхшими? 95 ёшга кирган дадам сўраяптилар сизни. Ҳозир бир дақиқа», дея уйидан отасини чақирди. Отахон Шавкат Мирзиёевдан ҳол-аҳвол сўраб, дуо қилди. Президент отахонга «сизнинг ёшингиздан бизга берсин», деди.

Отахон давлат раҳбарига ўзи яшайдиган уй олдига «кичкина чойхона кераклигини» айтди. Президент «ўзим сизга чиройли чойхона қилиб бераман», деб жавоб берди.

Давлат раҳбари бошқа кўп қаватли уйда яшовчи фуқаро билан ҳам суҳбатда бўлди. «Айланиб, янада обод қилишни ўйлаб юрибмиз», — деди у.

Шундан сўнг президент 42-мактабга ташриф буюрди. Давлат раҳбарини мактаб ходимлари кутиб олди. Шавкат Мирзиёев мактабнинг спорт залига ҳам кирди.

«Тасодифан кириб қолдим. Албатта, спорт залларингизни ҳам ремонт қилиб берамиз, шароитни ҳам яхшилаймиз, лекин сизлар менга ваъда беришларингиз керак, жисмоний тарбия билан кўпроқ шуғулланасизлар. Нимага десангиз, келажакда соғлом зурриёт деганимиз ҳамма ўқишларингда фақат ва фақат спорт билан дўст бўлсанглар жуда кўп ниятларинг амалга ошади. Соғ-саломат бўлинглар», — деди президент.

Бундан ташқари президент мактаб ошхонасига кириб, меню билан танишган.

«Булар энди имкони етганча масаллиқ олиб келиб, тайёрлашади. Тошкентда шундай бўлса, Қорақалпоғистонда қандай? Мактаб ошхоналарининг ичига ҳали кирмадик. Сифати, муддати қандай, нархи, буларни тизимга солиш бўйича иш олиб бормадик. 10 январга қадар мактаблар ошхоналарига сифатли, тўйимли, баланслаштирилган таомнома бўлиши учун catering хизматини аутсорсинг асосида ташкил қилиш бўйича пухта лойиҳа қилинглар», — дея давлат раҳбарининг сўзларини келтирмоқда «Микрофон кўтарган аёл» Telegram-канали.

Шунингдек, давлат раҳбари мактаб ходимлари билан ҳам суҳбатда бўлди. «Ҳаммаларинг эшитдиларинг, таълим, таълим, муаллим, муаллим. Таълим билан муаллимга шароит яратишимиз керак. Таълим билан муаллимни обрўсини кўтарсак, таълимни сифатини кўтарсак ҳозирги қилган ишларимиз катта кутиш… Ҳозир одамлар кутяпти, нима бўларкан энди, деб. Ўзим кўзим билан кўрмоқчи бўлдим. Ўзимга кўп хулоса қилиб кетяпман», — деди Шавкат Мирзиёев.

Хушнудбек Худойбердиевнинг ёзишича, президент бош вазирга қарата: "Тағин камчиликлар учун дарров директорга ёпишманглар, унинг айби йўқ. Аслида биз уларга тизим қилиб беришимиз керак", деган.

Kun.uz`нинг хабар беришича, шундан сўнг давлат раҳбари Сархумдон маҳалласидаги нуронийлар билан суҳбатлашган. Маҳалладаги ёши кекса инсонлар билан биргаликда кўчат эккан.

Дарахт экилгандан кейин президент кўчада ўйнаб юрган ёш болакай билан ҳам суҳбатлашди. Шавкат Мирзиёевнинг "қани отингиз нима?", деб берган саволига болакай "Шохюз", дея жавоб берди. "Шохрух?", деб сўради президент, болакай: "йўқ, Шохюз", деб жавоб берди. Давлат раҳбарининг ёнидаги масъул шахс "Шохрухми?", дея болакайдан қайта сўради, болакай эса "Шохюхмас, Шохюз", деб жавоб берди ва даврада кулгу кўтарилди.

Болакай онаси билан кўчага чиққанини айтди ва давлат раҳбари ундан онаси қаердалигини сўради. Президент болакайнинг онасига унинг ўғли билан бўлган суҳбатни айтиб берди. "Раҳмат сизга шунча шароит яратиб берганингиз учун", — деди болакайнинг онаси президентга.

Шавкат Мирзиёев суҳбатдан сўнг экилган дарахтлар учун дуо қилишларини сўради ва дуога қўл очилди.