Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида 22 ноябрь куни Тошкент шаҳрида амалга оширилиши режалаштирилган бунёдкорлик лойиҳалари тақдимоти бўлиб ўтди, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Улардан бири — Алишер Навоий номидаги адабиёт музейи бўлиб, Адиблар хиёбонига туташ ҳудудда қурилади. Мажмуа музей билан бирга илмий тадқиқот маркази, Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти, мактаб ва ётоқхонани ўз ичига олади.

«Лойиҳага ажратилаётган умумий ер майдони 4 гектарга яқин ҳудудни ташкил қилади. Лойиҳа Миллий боғнинг ландшафт архитектураси билан узвий боғланган. Унинг асосий фасад қисми Байналмилал кўчасига қараган бўлишига қарамасдан, лойиҳа орқа фасаддан ва ҳовли қисмидан Адиблар ҳиёбонига архитектура ва ландшафт ечимлари жиҳатидан узвий боғлиқлиги бор», — деди қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари Даврон Одилов.

Унинг сўзларига кўра, давлат раҳбари объектдаги меъморий ечимларни миллий анъаналарга уйғун ҳолда, Алишер Навоий асарларига, ўша давр архитектурасини ўзида акс эттирган ҳолда фасад ечимларига ёндашув кераклигини таъкидлаган.

Миллий боғ яқинида Президент кутубхонаси қурилиши ҳам режалаштирилмоқда. У 4 қаватли бўлиши, бир вақтда 1 минг 400 дан зиёд ўқувчига хизмат кўрсатиши кўзда тутилган. Кутубхонада 1 миллион 500 мингта китоб сақланиши билан бирга электрон адабиётлар, мультимедиа маҳсулотлари ҳам бўлади.

«Бу кутубхонада биз ўқув залларини илм-фан йўналишлари бўйича алоҳида ажратиб чиқдик. Янги кутубхона 2 та сменда фаолият олиб бориши режалаштирилмоқда. Бугунги кунда 200 мингга яқин китобнинг рўйхати шакллантирилган», — деди Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоева.

Шу билан бирга янги кутухбхонада фаолият олиб борадиган янги мутахассисларни ўқитиш, малакасини ошириш вазифаси қўйилган. Бугунги кунда 50 та, 35 ёшгача бўлган ёш мутахассислар рўйхати шакллантирилган.

«Уларнинг соҳавий билим ва кўникмаларини ошириш учун хорижий кутубхоналарга ҳам хизмат сафарлари уюштирилади. Россия, Европанинг Скандинавия мамлакатларида ходимлар малакасини ошириш масаласи кўрилди», — дея қўшимча қилди Умида Тешабоева.

Тақдимотда Олимпия шаҳарчаси лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.