Президент Шавкат Мирзиёев «2022−2023 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари дастурини ишлаб чиқиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармойишини имзолади.

Мазкур ҳужжат «маъмурий ислоҳотларни изчил давом эттириш йўлида ўз ечимини кутаётган масалаларни ҳал этиш, Янги Ўзбекистон шароитида давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти тизимининг самарадорлигини ошириш, улар фаолиятини натижадорликка йўналтириш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш ва «мобиль бошқарув аппарати»ни яратиш»га қаратилгани айтилган.

Фармойиш билан Маъмурий ислоҳотлар дастурини ишлаб чиқишни мувофиқлаштириш бўйича Республика комиссияси тузилиб, унга бош вазир Абдулла Арипов ва президент Администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов раҳбарлик қилади.

Шунингдек, давлат бошқаруви органларининг мақомини белгилаш, тузилмаларини такомиллаштириш ва штат бирликларини мақбуллаштириш, давлат бошқаруви органлари фаолиятида рақамли технологиялар, очиқлик ва давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, кадрлар салоҳиятини ошириш, давлат органларида коррупциянинг олдини олиш ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш учун вазирлар бошчилигида ишчи гуруҳлар тузилди.

Ишчи гуруҳлар 2022 йил 20 январга қадар ҳар томонлама асослантирилган таклифларни ишлаб чиқиб, президент Администрациясига тақдим этиши лозим.

Ишчи гуруҳи аъзолари асосий иш жойидаги вазифалардан тўлиқ озод қилинади ҳамда тегишли давр мобайнида улар учун қонунчиликда белгиланган барча шарт-шароитлар сақлаб қолинади.

Гуруҳлар ўз фаолиятида ривожланган мамлакатлар тажрибасини, халқаро институтларнинг тавсия ва таклифларини ўрганади. Зарурият бўлганда, гуруҳлар аъзолари бошқа давлатларга қисқа муддатли хизмат сафарларини амалга оширадилар.

Республика комиссияси 2022 йил 10 февралга қадар тайёрланган таклифларни кўриб чиқиши ва 20 февралга қадар ҳар бир йўналиш бўйича Президентга тақдимот қилиши керак.

1 мартга қадар 2022−2023 йилларда Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси»ни тасдиқлашни назарда тутувчи президент фармони лойиҳаси тайёрланиши керак.

2017 йил сентябрь ойида президент фармони билан Ўзбекистонда Маъмурий ислоҳотлар концепцияси тасдиқланган эди. У «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак» тамойили ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишга, шунингдек, давлат бошқарувининг самарали ва шаффоф тизимини жорий этишга, мамлакатнинг халқаро майдонда рақобатбардошлигини оширишга қаратилган.