Болгарияда катта автобус йўл-транспорт ҳодисасигага учради. Бунинг оқибатида 53 йўловчидан 46 нафари ҳалок бўлган. Бу ҳақда BBC нашри хабар берди.


Ҳалок бўлганларнинг 12 нафари вояга етмаганлар бўлган. Уларнинг барчаси Шимолий Македония фуқаролари эканлиги маълум қилинди.

РИА Новости маълумотига кўра, Шимолий Македония бош вазири Зоран Заев Ташқи ишлар вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарлари билан Софияга келди ва Шимолий Македониядан тегишли мутахассислар гуруҳи Болгарияга юборилгани ҳақида маълум қилди. Заевнинг сўзларига кўра, автобуснинг деярли барча йўловчилари Шимолий Македония фуқаролари, бир нафари Сербия фуқароси ва яна бири Бельгия фуқароси бўлган.

Омон қолганларнинг барчаси шифохонага етказилган, уларнинг аҳволи барқарор.


Шимолий Македония Ташқи ишлар вазирлиги ҳолат юзасидан инқироз штабини ташкил этди. Ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганларнинг яқинлари учун ишонч телефонлари ишлай бошлади.

Ҳодиса сабаблари эса ҳозирча аниқланмаган. Автоҳалокат сайёҳлар автобуси Истанбулдан Шимолий Македонияга қайтаётганда юз берган.

Болгария расмийлари ҳодисанинг турли сабабларини кўриб чиқмоқда. Айтилишича, ҳодисага ҳайдовчи рулда ухлаб қолгани ёки техник носозлик сабаб бўлган бўлиши мумкин. Тахминларга кўра, ҳодиса юз берган куни ёғингарчилик кузатилгани ҳам аварияга сабаб бўлиши мумкин. Бундан ташқари, версиялардан бирида воқеадан олдин автобусда ёнғин чиққан бўлиши мумкинлиги айтилди.