2022 йилда «снос"лар учун компенсацияга бюджетдан 500 млрд сўм ажратилади. Бу ҳақда Молия вазирлиги томонидан тақдим қилинган 2022 йил учун бюджетнома лойиҳасида маълум қилинди.

Унга кўра, 2022 йилда Давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш бўйича жамғармасига Вазирлар Маҳкамаси захира жамғармаси маблағларининг 15 фоизидан кам бўлмаган миқдорда, яъни республика бюджетидан 500 млрд сўм маблағ ажратиш режалаштирилган.

«Кўриб турипсизки, 2022 йилда „снос“ операциялари кўлами ортса ортади-ки, асло камаймайди», — дея ёзади иқтисодчи Отабек Бакиров ўз Telegram каналида.

Маълумот учун 2021 йилда бу йўналишдаги харажатлар учун 273 млрд сўм ажратилган. 2020 йилда эса 215,8 млрд сўм «снос»дан кўрилган зарарларни қоплашга йўналтирилган.

Аввалроқ, бино ва иншоотларнинг бузилиши муносабати билан ҳокимиятлар тадбиркорладан 123 млрд сўм қарздор эканлиги ҳақида хабар берилганди.

Эслатиб ўтамиз, Бош прокуратура 2020 йилда «снос"лар туфайли бузилган мулкларнинг 55 фоизига компенсация тўланмаганини маълум қилганди.