Ўзбекистонда пенсия ва нафақа олувчиларнинг умумий сони 2021 йил 1 ноябр ҳолатига 4 млн нафардан кўпроқни (бундан, 2 млн 269,9 минг нафари (56,7 фоизи) аёллар) ёки аҳоли сонидаги улуши 11,5 фоизни ташкил қилди. Бу ҳақда Пенсия жамғармаси матбуот хизмати хабар берди.

Шундан:

  • қарийб 3 млн нафари (74,1%) — ёшга доир пенсия (бундан, 1 млн 898 минг нафари ёки 64 фоизи аёллар);
  • 397,6 минг нафари (9,9%) — ногиронлик пенсия (163,5 минг нафари ёки 41,1 фоизи аёллар);
  • 198,6 минг нафари (5,0%) — боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олувчи оилалар;
  • 440,8 минг нафари (11,0%) — нафақа олувчилар ташкил қилди (бундан, 208,3 минг нафари ёки 47,3 фоизи аёллар).

Пенсия ва нафақа олувчилар сони 2021 йил бошига нисбатан 178,6 минг нафарга (4,7%) кўпайган. 2021 йил 1 январ ҳолатига нисбатан ёшга доир пенсия олувчилар сони -117,7 минг нафарга (4,1%), ногиронлик пенсияси олувчилар сони — 11 минг нафарга (2,9%), боқувчисини йўқотганлик пенсияси олувчи оилалар сони — 9,6 мингтага (5,1%) ва нафақа олувчилар сони — 40,2 минг нафарга (10,0%) ортди.

2021 йилнинг январь-октябрь ойларида 327,5 минг нафар фуқароларга янги пенсия ва нафақалар тайинланган. Шундан, 215,1 минг нафарига (65,7%) ёшга доир пенсия, 29,9 минг нафарига (9,1%) ногирон шахс сифатида пенсия, 19,6 минг оилага (6%) боқувчисини йўқотганлик пенсияси ва 62,9 минг нафарига (19,2%) нафақалар белгиланган.

2020 йилнинг мос даври билан солиштирганда, 57,9 минг нафар ёки 21,5% кўпроқ фуқароларга пенсия ва нафақа тайинланган.

Аввалроқ, Ўзбекистонда бир ойлик ўртача пенсия миқдори эълон қилинганди. унга кўра, 2021 йилнинг сентябрь ойида республика бўйича бир ойлик ўртача пенсия миқдори 924 780 сўмни ташкил этган.

Шунингдек, Молия вазирлиги пенсия тўлови ҳамда нафақа тайинлаш учун зарур ҳужжатлар ҳақида маълумот олиш мумкин бўлган @pensiyauzbot Telegram-ботини ишлаб чиқди. У орқали пенсия жамғармасига мурожаат йўллаш имконияти ҳам мавжуд.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилги давлат бюджети лойиҳасига кўра, иш ҳақи, пенсия, стипендия, нафақалар миқдорлари оширилади. Бу харажатлар учун бюджетдан 11,7 трлн сўм йўналтирилади.