Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида бўлиб ўтаётган йиғилишда президент Ўзбекистонда муқобил энергетикани ривожлантириш соҳасидаги вазифаларни белгилаб берди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

«2026 йилга қадар қуёш ва шамол электр станциялари умумий қувватини 8 минг мВтга етказиш зарур (аввалги режада 8 минг мВт қувватни 2030 йилгача барпо этиш белгиланган эди)», — деди президент

Шунингдек, «йирик саноат корхоналари ҳам ўз энергия таъминоти бўйича қайта тикланувчи энергия манбаларини ташкил этиши учун зарур шароитлар яратиш кераклиги» айтилди.

«Ҳудди шундай, аҳоли ва тадбиркорларни қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенг фойдаланишини қўллаб-қувватлаш лозим», — дея қўшимча қилди давлат раҳбари.

«Келгуси беш йилда 8 минг мВтли қуёш ва шамол электр станцияларини қуришда қарийб 6 млрд долларлик бутловчи қисм ва материаллар харид қилинади. Шу муносабат билан уларни маҳаллийлаштириш чораларини кўриш лозим», — деди Шавкат Мирзиёев.

Бундан ташқари, «барпо этиладиган электр станцияларига минг нафардан зиёд муҳандис ва қарийб 3 минг нафар ўрта бўғин мутахассислари талаб этилиши» айтилди.

«Шунинг учун йил якунига қадар Навоийда қайта тикланувчи энергия соҳасида кадрлар тайёрлаш маркази ишга туширилади. Навоий, Сирдарёдаги ўқув марказларида халқаро стандартлар асосида йилига 200 нафар малакали мутахассис тайёрлаш йўлга қўйилади», — деди президент.