Осиё-Тинч океани минтақавий гуруҳига аъзо давлатлар Ўзбекистоннинг Женева шаҳридаги БМТ бўлинмаси ва бошқа халқаро ташкилотлардаги доимий вакили Улуғбек Лапасовни 2022 йил учун БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши (ИҲК) раисининг ўринбосари лавозимига бир овоздан қўллаб-қувватлади, дея хабар берди Ташқи ишлар вазирдиги матбуот хизмати.

Қайд этилишича, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши бюроси таркиби ташкилот раиси ҳамда унинг турли географик гуруҳлардан сайланган тўртта ўринбосаридан ташкил топган.

Ўзбекистоннинг доимий вакили номзоди кўрсатилган Осиё-Тинч океани минтақаси БМТнинг ИҲК тизимидаги энг йириклардан бири ҳисобланади. Гуруҳда 56 та давлат бор.

Жорий йил октабр ойида Ўзбекистон ташаббуси билан Кенгаш томонидан Пандемия даврида ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги биринчи резолюцияси қабул қилинган. Мазкур ҳужжат БМТ ИҲКнинг барча аъзолари томонидан қўллаб-қувватланган ва 60 га яқин давлат унга ҳаммуаллифлик қилган.

БМТ ИҲК таркибига 47 давлат киради ҳамда бутун дунё бўйлаб инсон ҳуқуқларини илгари суриш ва ҳимоя қилишга масъул тузилма ҳисобланади. Кенгаш ваколатига инсон ҳуқуқлари соҳасидаги эътиборга молик бўлган барча масалалар ва вазиятларни муҳокама қилиш киради.

Кенгаш мажлислари БМТнинг Женевадаги ваколатхонасида ўтказилади.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилда Ўзбекистон 2021−2023 йиллар мобайнида БМТ ИҲКнинг тўлақонли аъзоси этиб сайланган.