20 ноябрь куни Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида қувват 38,2 МВт бўлган «Зарчоб-2» кичик гидро электр станциясини ишга туширишга бағишланган маросим бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.


Мазкур станция тўлиқ қувватда ишлаши ортидан 40 минг аҳоли хонадонини электр энергия билан таъминлаш имконияти яратилади. «Зарчоб-1» ГЭСи ҳам ҳудди шундай салоҳиятга эга.

Очилиш маросими олдидан сўзга чиққан вилоят ҳокими Тўра Боболов лойиҳанинг аҳамиятига тўхталиб ўтди.

Тўра Боболов.

«Тўпалангдан келаётган сувдан 3 маротаба фойдаланиб, ток ишлаб чиқараяпмиз… Сурхондарёга совуқ келганига 3−4 кун бўлди. Эрталаблари фуқароларни қабул қилаяпмиз, [улар] биринчи масала электр энергия деб келаяпти… Ўзбекистон мустақил электр энергия ишлаб чиқаришни йўлга қўймаса, барибир (муаммолар бўлаверади — таҳр.). Бу [лойиҳалар] келажагимиз», — деди ҳоким.

Ўз навбатида «Ўзбекгидроэнерго» АЖ бошқарув раиси Абдуғани Сангинов «Зарчоб» биринчи ва иккинчи ГЭСлари жами 80 млн долларлик лойиха эканлигини маълум қилди.

Шундан 29 млн доллар Хитойнинг, қолган 51 млн доллар эса «Ўзбекгидроэнерго»нинг маблағи ҳисобланади.

Абдуғани Сангинов.

«Тўпаланг дарёсида 2006 йилда бор-йўғи 30 МВт энергияси бор эди. Бугунги кунга келиб, 350 МВтга етадиган лойиҳаларимиз бор. 2та Зарчобнинг ўзи жами 75 МВт энергия ишлаб чиқаради. 2022 йилга келиб, 175 МВтлик Тўпаланг ГЭС ишга туширилади. Ундан кейинги лойиҳамиз, Мизоп-Киштут станцияси. Унинг биттаси 50 МВтлик, иккинчиси 25 МВтлик, жами 75 МВт электр энергия чиқади. Шунинг учун, Тўра Абдиевич айтганидек, 3 маротаба эмас, 5 маротаба сувни айлантириб, электр энергия олишга эришамиз», — деди Абдуғани Сангинов.

Таъкидланишича, мазкур станция учун зарурий технологик қурилмалар Хитойнинг етакчи компанияси «Dongfang Elektric International Corporation» томонидан етказиб берилди.

Бунёд этиш жараёнида гидротурбинанинг спиральсимон камера қисмини йиғиш, босимли ҳовуз, босимли сув қувурини қуриш ва бошқа бир қатор ишлар амалга оширилди.


Станция гидроагрегатлари.

Ушбу инвестициявий лойиҳа «Тўпаланг ГЭС», «Зарчоб-1» ГЭСларининг давоми ҳисобланиб, Тўпаланг сув омборидан чиқувчи сув ўзанида қурилган. Келгусида Сурхондарё вилояти аҳолисининг электр энергияга бўлган 80 фоиз эҳтиёжини қоплаш режа қилинган.

Шу йилнинг апрель ойида умумий қуввати 37,4 МВтга тенг бўлган «Зарчоб-1» кичик ГЭСи қуриб, фойдаланишга топширилган эди.

Тадбирдан сўнг, рамзий тугмани босиш маросими бўлиб ўтди.


Абдуғани Сангинов вилоят ҳокими Тўра Боболов ва вилоят прокурори Садриддин Турдиевни ГЭС фаолияти билан таништирар экан, станция ишини «экологик тоза» дея атади.

Авариявий ҳолатда бошқарув тизими.

Мутахассис ташриф буюрувчиларга ГЭС ишлаш тизимини тушунтириб, автоматик бошқарув тизими йўлга қўйилганини қайд этди.