20 ноябрь куни Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида 168 ўринли президент мактабининг очилиш маросими бўлиб ўтди, дея хабар қилди вилоят маъмурияти матбуот хизмати «Газета.uz»га.

Ушбу мактабнинг ўқитувчи ва ўқувчилардан иборат жамоаси жорий йилнинг май-август ойларида шакллантирилди. Жорий йил мактабда 144 нафар ўқувчи таҳсил олишни бошлади. Келгуси йилдан бешинчи синфларга яна 24 нафар ўқувчи қабул қилиниб, умумий 168 нафар ўғил-қизлар таълим олишади.

Уларга кўп босқичли синовлар асосида саралаб олинган 21 нафар маҳаллий ҳамда 11 нафар хорижлик ўқитувчи таълим беради. Дарслар ҳар бир фан таснифига қараб жиҳозланган синфхоналарида Кембриж ўқув дастури асосида ўтилади.

Вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев очилиш маросимида сўзга чиқиб, президентнинг таълим тизимида илғор технологияларни қўллаган ҳолда ўқувчиларни ўқитиш ва тарбиялаш, истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш, маънан етук ва интеллектуал жиҳатдан баркамол авлодни шакллантириш борасидаги саъй-ҳаракатларини тилга олиб ўтди.

Мактаб қурилиши Discover Invest компанияси томонидан амалга оширилди. Сирдарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси буюртмаси сифатида иштирок этди. Лойиҳа қиймати 84 млрд сўмни ташкил этди.

Ноябрь ойи бошида Навоийда 168 ўринли президент мактаби фойдаланишга топширилган эди. Мактабни қуриш ва жиҳозлаш учун 100 млрд сўм ажратилди, дея хабар қилди «Янги Ўзбекистон» нашри. Ноябрь ўртасида эса Жиззах вилоятида ҳам президент мактаби очилди. Қурилишига давлат бюджетидан 70,7 млрд сўм ажратилган мактабга 10 нафар номзод орасидан 144 ўқувчи саралаб олинди.

Аввалроқ «Газета.uz» 2022 йилда давлат томонидан 410 млрд сўмлик 40 та мактаб қуриш режалаштирилгани ҳақида ёзган эди. Бу ўтган йилгидан деярли икки баравар кўп, аммо мактабларда жой етишмаслиги муаммосини ҳал қилиш учун ҳали ҳам етарли эмас.

Гулистондаги президент мактаби фотосуратлари