«Газета.uz» «Хориждаги ўзбекистонликлар» лойиҳаси доирасида чет эл олийгоҳларида ўқиётган ёки хорижда таълим олиб, ҳозирда ўша ерда ишлаётган ўзбекистонликлар билан суҳбат уюштиради. Ушбу суҳбатларда уларнинг чет элдаги ҳаёти, нега хорижий таълимни танлаганлиги, уларнинг бошидан ўтган синовлар ҳақида сўз боради. Лойиҳанинг навбатдаги меҳмони — Зухра Хайруллаева.

Зухра Хайруллаева Наманган вилоятидаги Чуст шаҳрида мактабни битириб, Тошкентдаги Вестминстер Академик лицейига ўқишга кирган. Зухра лицей дастури бўйича лицейнинг 3-курси билан университетнинг 1-курсини бирга ўқиган. Кейинчалик Тошкентдаги Вестминстер университетининг Тижорат ҳуқуқи факультетида таҳсил олган. Бакалаврни битиргач эса Зухра ҳуқуқ соҳасини чуқурроқ ўрганиш учун Америкага ўқишга кетди. Ҳозирда у Пенсильвания штати университетида магистратура босқичида таҳсил олмоқда.

— Ёшлигингиздан то хорижга кетгунингизга қадар бўлган давр ҳақида гапириб берсангиз…

— Мен Наманган вилоятининг Чуст шаҳрида туғилиб-ўсганман. Мактабни тамомлагач Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университети (ТХВУ) қошидаги академик лицейга ўқишга кирдим. Мен ўқишга кирган йили танлов катта бўлгани боис лицейга кириш жуда қийин эди, шунинг учун ўқишга киришимга унчалик ишонмагандим. Кейинчалик билдимки, лицейда ўқиш унга киришдан анча қийинроқ экан. Тил билан ҳам, ўқиш билан ҳам қийинчиликлар юзага кела бошлади. Рус мактабини тугатган бўлсам ҳам, бошида тилни унчалик яхши билмасдим. Лицейда ўқиш мактабга қараганда анча қатъийроқ бўлиб, ҳар бир оралиқ ёки якуний назорат ишлари алоҳида имтиҳон сифатида қабул қилинарди.

Лицей дастури ТХВУга кириш ва лицейнинг учинчи йилини университетнинг биринчи йили билан бирлаштириш имконини берди. Бунинг учун лицейда маълум бир академик кўрсаткичга эга бўлиш кифоя қиларди. Ота-онам билан маслаҳатлашиб, ТХВУнинг «Тижорат ҳуқуқи» йўналиши бўйича ўқишимни давом эттиришга қарор қилдим. Университетда ўқиб юрган кезларимда кетма-кет икки йил Филип Жессоп номидаги халқаро оммавий ҳуқуқ бўйича мусобақасида (The Philip C. Jessup International Law Moot Court Competition) қатнашдим ва ҳар иккала сафар Вашингтонда (АҚШ) ўтказилган халқаро босқичларда қатнашиш бахтига муяссар бўлдим. Ўшанда менда бу мамлакатга ёки ўқиш, ёки сайёҳлик мақсадида қайтиш истаги пайдо бўлди.

Университетда 3-курсни тамомлаганимдан сўнг, Dentons Tashkent юридик консалтинг фирмасида амалиёт ўташни таклиф қилишди ва Ўзбекистонни тарк этгунимча шу ерда ишладим.


Фото: Зухра Хайруллаеванинг шахсий архивидан

— Наманганда мактабни битиргандан сўнг Тошкентга келгансиз. Бунга оилангизнинг, яқинларингизнинг муносабати қандай бўлган? Ҳар ҳолда Тошкент бегона шаҳар, пойтахтнинг ўзига яраша қийинчиликлари бўлади…

— Оилам ва қариндошларим ўқишим билан боғлиқ ҳамма нарсани доимо қўллаб-қувватлашган. Қолаверса, мен ёлғиз эмасдим, эгизак синглим ҳам бор. Ўша пайтларда катта акам ҳам Тошкентда ўқиб юрган, амакиларим эса бизни доим қўллаб-қувватлаб, ёрдам беришарди.

— Университетни битирганингиздан кейин бир муддат Dentons Tashkent компаниясида иш олиб бордингиз. Иш фаолиятингиз ҳақида айтиб беринг…

— Айнан шу корхонада ишлаганим — омадим деб бемалол айта оламан. Профессионал фаолиятимдаги қисқа вақт мобайнида ишда дўстона жамоа ва тушунувчан раҳбарият бўлиши жуда муҳим эканлигини англаб етдим.

Ишимнинг дастлабки йилида университетнинг 4-курсида ўқирдим. Ўша йили мен битирув ишим устида ишлаётган эдим. Раҳбарият яратиб берган шароитлар туфайли иш ва ўқишга бирдек улгуришга муваффақ бўлдим.

Бундан ташқари, қанчалик ғалати туюлмасин, биз Вестминстер университетида асосан инглиз ҳуқуқ тизимини ўрганганмиз. Ўзбекистонда ишлаш учун эса Ўзбекистон ҳуқуқ тизимини ўрганиш зарур эди. Шунинг учун, ишимнинг дастлабки кунлариданоқ ҳамма нарсани том маънода нолдан ўрганишни бошлаганман. Шунга қарамай, ҳамкасбларим мени доим қўллаб-қувватлаб, ёрдам беришга, ўргатишга тайёр эдилар.

ТХВУда олган таълимимга доимо хурмат сақлайман. Биз асосан инглиз ҳуқуқини ўрганганимизга қарамай, университет кейинчалик профессионал фаолиятда фойдали бўлиши мумкин бўлган керакли кўникма ва билимларни беради.

Ушбу фирмада мен асосан корпоратив амалиёт билан шуғулланганман: мижозларга таъсис ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва Ўзбекистонда корхоналарни рўйхатдан ўтказиш, шунингдек, маҳаллий компания фаолияти билан боғлиқ бошқа турли корпоратив ва меҳнат масалалари бўйича консультациялар берганман.

— Нега Ўзбекистонда яхши ишингиз бўла туриб хорижга кетиб, ўқишни давом эттиришни истадингиз? Бунга аниқ сабаб борми?

— Тан оламан, яхши ишим бор эди, лекин бир куни бир жойда қотиб қолганим ва олдинга силжимаётганимни ич-ичимдан ҳис қилдим. Бундан ташқари, корпоратив амалиёт билан шуғулланиш соҳасида келажагимни кўрмаётгандим. Шу сабабларга кўра хорижда магистратурада ўқиш қарорига келдим. Шундай қилиб, ўз малакамни оширишни, шунингдек, ҳуқуқнинг қайси соҳасида ишлашни хоҳлаётганимни узил-кесил ҳал қилиб олмоқчи бўлдим.


Фото: Зухра Хайруллаеванинг шахсий архивидан

— Нима учун айнан АҚШда магистратурада ўқишни танлагансиз?

— Университетларни қидиришнинг дастлабки босқичида барча вариантларни кўриб чиқдим: Европа, Канада ва АҚШ. Ҳар бир мамлакат ва университетни холисона баҳолашга ҳаракат қилдим, лекин негадир Америка мени доим ўзига кўпроқ жалб қилаверарди. Ниҳоят, банк ва молиявий тартибга солиш, шунингдек, тижорат ҳуқуқини ўрганиш мақсадида Пенсильвания штати университетида ўқишни танладим.

Биринчи навбатда, университетларни танлаш жараёнида доимо университет таклиф қиладиган дастурларга эътибор қаратиш керак. Канада ва Европада ҳуқуқ бўйича магистрлик даражасини таклиф қилувчи кўплаб университетлар мавжуд бўлса-да, таклиф қилинган таълим дастурларида танлов кўплигини кўрмадим. Улар асосан халқаро ҳуқуқ бўйича умумий мутахасислик, ёки, аксинча, миллий ҳуқуқдаги қандайдир тор мутахассисликлар бўйича билим берарди. Америка университетларидаги ўқув дастурларида эса фанлар бўйича жуда кенг танловларни кўрдим, бу эса якуний қарорни қабул қилишимда муҳим роль ўйнади. Аммо бу фақат ҳуқуқий соҳага оид шахсий кузатишларим. Эҳтимол, бошқа одам умуман бошқача фикрлаши мумкин.

Иккинчидан, Американинг юридик хизматлар бозори дунёдаги энг катта бозор. Шунинг учун Америкада собиқ ёки ҳозирги амалиётчи юристларнинг университетда дарс бериш имкониятлари бошқа мамлакатларга қараганда анча юқори деб тахмин қилгандим.

ТХВУда ўқиётганимда амалиётчи юристлар томонидан дарс ўтилишининг афзалликларини ўз кўзларим билан кўрдим. Амалиётчи юристлар талабаларга нафақат назарияни ўргатади, балки амалий маслаҳатлар билан ҳам ўртоқлашади. Қаердадир фақат назарияни ўрганиш мақсадга мувофиқдир. Айни дамда менга дарс берадиган профессорларнинг барчаси 10 йилдан 30 йилгача тажрибага эга собиқ амалиётчи юристлар.

— Хорижга кетишдан аввал сиз учун энг катта мотивация нима эди?

— Сифатли таълим олиш ва ўз соҳамнинг яхши мутахассиси бўлиш.

— Ўша мотивация ҳали ҳам борми? Балки янгилари қўшилгандир…

— Ҳа, бу мотивация ҳалиям мени олдинга етаклайди. Фақат вазифанинг мураккаб эканлигини тушуниб етдим. Айтганимдек, Американинг юридик хизматлар бозори дунёдаги энг катта бозор ва шунинг учун талабалар ўртасида рақобат жуда юқори. Талабаларнинг меҳнати ва ютуқларига қараб, сиз ҳам улардан орқада қолиб кетмасликни хоҳлайсиз.

— Америкада сиз таълим олаётган университетнинг Ўзбекистондаги ОТМлар билан фарқи ҳақида гапириб берсангиз.

— Вестминстер университетини тамомлаганим учун фақат шу олийгоҳ билан солиштиришим мумкин. Пенсильвания штати университетидаги ўқиш Ўзбекистондаги ТХВУда олган таълимимдан унчалик фарқ қилмайди. Аммо баъзи тавофутлар барбир мавжуд.

Биринчидан, Американинг юридик таълим тизими бошқа мамлакатларникидан бир оз фарқ қилади. Бу ерда ҳуқуқшунос бўлиш учун аввало исталган мутахассислик бўйича бакалавр даражасини олишингиз талаб этилади, яъни тўрт йил мобайнида ўқийсиз ва шундан кейингина «Juris Doctor» дастурига ўқишга кирасиз ва ҳуқуқшунослик факультетида ҳуқуқшунослик дипломига эга бўласиз. Бу дастур яна уч йил давом этади. Шу боис, талабалар ҳуқуқшунослик касбини танлашдан олдин яхшилаб мулоҳаза қилиб кўрадилар, деб ўйлайман. Уларнинг ўқишга бўлган иштиёқи ва мотивацияси ўзбошимчалик билан юридик факультетни танлаган талабаларга нисбатан анча кучлироқ бўлади, чунки икки йилдан сўнг уларнинг кўпчилиги ўз йўналишини ўзгартиради. Лекин мен интенсив бир йиллик ўқишни талаб қиладиган LL.M. магистратура дастурида ўқимоқдаман.

Иккинчиси — ўрганилаётган материалнинг ҳажми. Америкада бу ҳажм жуда катта. Шу билан бирга, барча материалларни ўқиш ва дарсга тайёр келиш учун етарлича вақтингиз бўлиши керак, чунки профессор исталган вақтда сизга савол бериб қолиши мумкин.

Учинчиси — ўқиш учун таклиф қилинадиган фанлар сони. Бизнинг университетда жуда кўп фанлар ўтилади. Талабалар бир вақтнинг ўзида бир нечта соҳаларда ихтисослашиши мумкин, масалан, тижорат ҳуқуқи, маъмурий ҳуқуқ, молиявий ҳуқуқ, халқаро ҳуқуқ, спорт ва кўнгилочар соҳа ҳуқуқи, атроф-муҳит ҳуқуқи ва бошқалар.

Баҳолаш тизимида ҳам фарқ мавжуд. Ҳозир таҳсиол олаётган олийгоҳимда кўплаб фанлар семестр охирида фақат битта имтиҳон асосида баҳоланади. Бутун баҳолаш фақат бир куннинг самарадорлиги ва унумдорлигига боғлиқ бўлиши керак деган фикр менга унчалик ёқмайди. Шунинг учун Вестминстер университетидаги тизим менга қулайроқ. У ерда фан бўйича ўзлаштириш семестр ўртасида қабул қилинадиган ёзма курс иши, шунингдек, семестр охирида топшириладиган имтиҳон асосида баҳоланади.

Фото: Зухра Хайруллаеванинг шахсий архивидан

— Ўзбекистондан кетганингиздан кейин дунёқарашингиз қай даражада ўзгарди деб ўйлайсиз?

— Кучли ўзгаришлар бўлди демаган бўлардим. Шубҳасиз, эътиқоди, ирқи, миллати, дунёқараши бошқача бўлган одамларга нисбатан бағрикенглигим кучайди.

— АҚШга борганингиздан кейин қийинчиликлар бўлдими? Энг катта қийинчилик нима эди?

— Нафақат тили, балки маданияти ҳам мен ўрганганимдан тубдан фарқ қиладиган мутлақо бошқа давлатга кўчиб ўтиш, албатта, осон бўлмади. Енгил маданий шок содир бўлди. Менга энг қизиқ кўринган нарса — америкаликлар учун ўз хонасида овқат ейиш одатий ҳол эканлиги бўлди. Учта америкалик қизлар билан бир квартирада яшайман. Биз яхши муносабатда бўлсак-да, бирга яшаган вақтимиз давомида, эҳтимол, фақат бир мартагина бир стол атрофида жамландик. Кейинчалик билишимча кўплаб америкаликлар (ҳаммаси ҳам эмас) ўз хонасида овқатланишни афзал кўришар экан. Мен каби кунига камида бир марта катта оилавий дастурхон атрофида ўтириб улғайган қиз учун Америка маданиятининг бу қисми ҳақида билиш қизиқ эди.

Мос ва арзон уй-жой топиш ҳам жуда қийин бўлди. Бу муаммо Америкага келишимдан олдин бошланган. Мен яшаётган шаҳар талабалар шаҳри ҳисобланади. Аҳолининг асосий қисмини талабалар ташкил этади. Арзон турар жойни топиш учун қидирув келишдан анча олдин бошланиши керак экан. Барча шароитларни жойида текшириб кўрмасдан кўр-кўрона уй излаш эса жуда қийин.

Ҳамма нарса онлайн тарзда амалга оширилгани боис фирибгарлар тузоғига тушиб қолиш ҳеч гап эмас. Бошқа барча муаммоларим доимо ёрдам беришга тайёр бўлган одамлар туфайли ҳал қилинди.

— Хорижга кетишингизга оилангиздагилар қандай қарашди?

— Ота-онам, албатта, бошида қўрқишди. Қиз болани бошқа мамлакатга ёлғиз қўйиб юбориш осон эмас, аммо шунга қарамай, улар менинг танловимни доим қўллаб-қувватлаб келишган.

— Instagram саҳифангизни кузатганимда, эътиборимни тортган нарса: сиз ўз суратларингиз остига деярли қандайдир изоҳ ёзмагансиз. Нима деб ўйлайсиз, хориждаги талабалар, ишлаётганлар ўша жой ҳақида бирор нарса ёки чет элда қандай ҳиссиётлар бўлаётгани ҳақида фикрлари билан ўртоқлашиши керак эмасми?

— Ижтимоий тармоқларда сурат ёки фикрни эълон қилиш ҳар кимнинг шахсий танлови деб ҳисоблайман.

— Келажакдаги режаларингиз қандай? Ўзбекистонга қайтасизми?

— Ҳа, ўқишим тугагач, албатта уйга қайтишни режалаштирганман. Иш борасида эса ҳали аниқ режаларим мавжуд эмас.

— Айни вақтда Ўзбекистондаги тенгдошларингиз, кичик ёшдагилар ва умуман хорижга ўқишга бормоқчи бўлган ёшларга қандай маслаҳатлар берган бўлардингиз?

— Шошмасликни ва университетни ҳам, дастурни ҳам мулоҳаза билан танлашни маслаҳат берган бўлардим.

Чет элда ўқишнинг молиявий томони университет танлашда энг катта омиллардан бири эканлигини тушунаман. Аммо Америка университетлари жуда кўп давлат ва хусусий грантларни таклиф қилишади. Университетларнинг ўзлари камдан-кам ҳолларда турли грантлар таклиф қилишади. Бир маротаба рад жавобини олсангиз, тушкунликка тушманг. Мен учта тўлиқ молиялаштириладиган дастурга ариза топширганман ва учта ҳолатда ҳам рад этилганман. Сўнг тўғридан-тўғри университетларнинг ўзига ҳужжат топширишга қарор қилдим. 9 та университетга ҳужжат топширдим ва уларнинг деярли барчаси маълум миқдорда грант таклиф қилишди, шунинг учун ҳаммага грант олиш имкониятларини имкон қадар кўпроқ ўрганишни ва белгиланган муддатда ҳужжатларни тезроқ тайёрлашни бошлашни маслаҳат берган бўлардим.


Фото: Зухра Хайруллаеванинг шахсий архивидан

— Сизнинг соҳангизда ютуққа эришноқчи бўлган Ўзбекистондаги ёшларга қандай маслаҳатлар берасиз?

— Ўйлайманки, қайси ҳудудда бўлишидан қатъий назар, ҳар кимнинг ғалаба ва муваффақият ҳақида ўзига хос тушунчаси бор. Мен ўзимни бошқаларга маслаҳат бериш учун етарлича муваффаққиятга эришган инсон деб ҳисобламайман.

— Ўз соҳангиз бўйича 3 та ва соҳангиздан ташқари сиз ўқиш керак, деб ҳисоблайдиган 3 та китоб тавсия қилинг (исталган тилда).

— Афсуски, ўз ҳаётим ва ишимга, ҳозир эса ўқишимга улгуришга ҳаракат қилиб, ҳар доим ҳам иш/ўқиш учун зарур бўлган материаллардан бошқа китобларни ўқий олмаяпман. Шунинг учун, бу борада маслаҳат бермаганим маъқулроқ.

Қисқа саволлар:

— Нимадан афсусланасиз?

— Эҳтимол, ҳеч нарсадан. Мен қилган ҳамма нарса ўзимнинг танловим, хатоларим ҳаётий сабоқ бўлди ва мени ҳозирги даражага олиб келди.

— Хорижда нима сизни тушкунликка тушириб қўйган эди?

— Депрессия — бу жиддий ва оғир ҳолат, бахтимга, мен уни бошдан кечириш имкониятига эга бўлмаганман. Лекин оилам ва дўстларимни соғиниш ҳар доим бўлган ва бўлиб турибди.

— Агар 10 йил ортга қайтиш мумкин бўлганда, қайси хатойингизни такрорламас эдингиз?

— Ҳеч нарсани ўзгартирмаган бўлардим. Барча хатолар мен учун қайсидир маънода сабоқ бўлди. Бошимдан кечирганларимнинг барчаси мени ҳозирги ҳолатимга олиб келган дея оламан.

— 5 йилдан сўнг Зухра Хайруллаева ўзини қаерда ва қандай ҳолатда кўради?

— Ўзбекистонда, оилам бағрида, умид қиламанки, ҳамма соғлом ва бахтли бўлади. Бу пайтга келиб ўз севимли ишимга эга бўлиб, ўз соҳамнинг яхши мутахассиси бўламан деган умиддаман.

— Агар тилла балиқ тутиб олсангиз ундан Ўзбекистон учун нима сўраган бўлар эдингиз?

— Ҳозирги вақтда содир бўлаётган барча ўзгаришларнинг самарали қўлланилиши. Кўряпманки, айни пайтда мамлакатимизда тараққиёт сари етаклаши мумкин бўлган кўплаб ўзгаришлар қилинмоқда. Аммо бу ташаббуслар ҳар доим ҳам тўлиқ амалга оширилмаяпти ва кўпинча хўжакўрсин учун бажариляпти.

Оғабек Самисов суҳбатлашди.