Гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш доирасида Давлат хавфсизлик хизматининг Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Термиз шаҳрида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида катта миқдордаги наркотиклар мусодара қилинди, деб хабар бермоқда ДХХ матбуот хизмати.

Биринчи ҳолатда маҳаллий фуқаро (1982 й.т.) 28 кг 895 гр опий ҳамда 2 кг гашиш моддаларини, шунингдек, бошқа бир ҳолатда эса муқаддам гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноят содир этганликлари учун судланган ака-ука (1962 ва 1970 й.т.) 9 кг 161 гр опий ва 446 гр героин моддаларини келгусида сотиш мақсадида қабул қилиб олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган.

Аниқлик киритилишича, гиёҳванд моддалар афғонистонлик наркокуръерлар томонидан Ўзбекистон ҳудудига олиб ўтилган.

Сариосиёда эса тожикистонлик наркокуръерлар томонидан туманнинг тоғли ҳудудига ўтказилиб, хуфия жойга беркитиб кетилган 28 кг 506 гр опий моддасини қабул қилиб олган маҳаллий фуқаро (1990 й.т.) ушланган.

ДХХ ходимларининг Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси билан ҳамкорликда Термиз шаҳрида ўтказган тезкор тадбирида эса 3 нафар фуқаро (1969, 1970 ва 1990 й.т.) 481 гр опий моддасини 9400 АҚШ долларига сотган вақтларида қўлга олинди.

Шунингдек, ДХХ, ИИВ ҳамда Давлат божхона қўмитасининг ҳудудий бошқармалари ходимлари томонидан Термиз тумани «Мангузар» ЙПХ масканидан ўтиб, вилоят маркази томон ҳаракатланаётган Spark русумли автомашина тўхтатилган. Автомашина кўздан кечирилганда, унда йўловчи сифатида кетаётган, Душанбе шаҳрида истиқомат қилувчи Тожикистон фуқароси (1987 й.т.) ва Денов туманида яшовчи маҳаллий фуқарога (1985 й.т.) тегишли юк сумкаларида 45 кг 913 гр гашиш борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида жами 67 кг 43 гр опий, 47 кг 913 гр гашиш ҳамда 446 гр героин гиёҳванд моддалари мусодара қилинди. Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.