Ўзбекистон ва Россия ўзаро ҳисоб-китобларда доллардан воз кечиб, рублдан фойдаланишни бошлаши мумкин. Бу ҳақда Россия Федерацияси иқтисодий тараққиёт вазири Максим Решетников Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги минтақалараро иккинчи ҳамкорлик форумида маълум қилган.

Унинг қайд этишича, 16 ноябрь куни Россия банки илк марта «Ўзбекистон Миллий банки облигацияларининг рублдаги эмиссиясини» рўйхатдан ўтказган. Облигацияларнинг умумий қиймати 15 млрд рублга тенг.

Вазирнинг сўзларига кўра, Россия фонд бозорида қимматли қоғозларни жойлаштириш орқали Ўзбекистон рублда катта маблағ жалб этиши ва уларни Россия товарларини импорт қилишга йўналтириши мумкин бўлади.

Решетников «маблағларни долларга ўтказмасдан, барча ҳисоб-китоблар комиссиясиз рублда амалга оширилиши» ҳамкорларнинг фойдасига ишлашини таъкидлаган. «Бу МДҲда иқтисодий ҳамкорлик ва интеграция жараёнларини ривожлантиришнинг муҳим воситаси», — деган у.

Решетниковнинг маълум қилишича, Россия ҳукумати президент Владимир Путин топшириғига биноан давлатлар, жумладан, МДҲ давлатлари билан ўзаро ҳисоб-китобларда рублдан фойдаланишни кенгайтиришни режалаштирмоқда.

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг қайд этишича, рублдаги ҳисоб-китоблар Россия билан ташқи савдо салбий сальдосини ошириши, унинг устига бу Ўзбекистоннинг Россия олдидаги қарзи ошиши ҳисобига рўй бериши мумкин.

Ўзбекистоннинг Россия билан ташқи савдо айланмаси салбий сальдоси ўтган тўққиз ойда 2,2 млрд долларга етган эди.

Ўзбекистон ҳукумати ҳозирча бу хабарни изоҳламаган.