Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Россия президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан ташриф билан Россияга жўнаб кетди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Олий даражадаги музокаралар бугун Москва шаҳрида бўлиб ўтади. Унда икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилиниши, қатор ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президентининг Россияга давлат ташрифи 2020 йилнинг февраль ойида режалаштирилган эди. Ўша йилнинг февраль ойида ташриф июнда бўлиб ўтиши хабар қилинган, бироқ коронавирус пандемияси туфайли қолдирилган.

Жорий йилнинг март ойида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов россиялик ҳамкасби Сергей Лавров билан музокараларда бу ташрифни октябрь ойидаги президент сайловларига қадар ёки ундан кейин ташкиллаштириш режалаштирилганини маълум қилди.

Шавкат Мирзиёев 2017 йил апрель ойида давлат ташрифи билан Москвага борди. 2018 йил октябрда Владимир Путин давлат ташрифи билан Тошкентга келди.