Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Кремлда Россия президенти Владимир Путин билан мухокаралар ўтказди. Бу ҳақдақ давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.

Владимир Путин учрашув аввалида давлат раҳбарини президент сайловида ишончли ғалаба қозонгани билан яна бир бор табриклади ва келгуси фаолиятига муваффақиятлар тилади.

«Биз сиз билан президент сифатидаги илк қадамларингизданоқ сизни жуда кўп ва жуда қийин ишлар кутиб тургани ҳақида кўп марта суҳбатлашгандик», — деди Россия президенти, дея иқтибос келтирди Россия раҳбари матбуот хизмати. Шавкат Мирзиёев «оғир» деб қўшиб қўйди.

«Ҳа, қийин, лекин муваффақиятга эришмоқдасиз. Ишонч билан олға интиляпсиз, мамлакатни кўтаряпсиз, натижалар ҳам бор. Одамлар буни кўрмоқда, ҳис қилмоқда ва шунинг учун ҳам сўнгги йилларда қилган ишларингизга муносабат билдиришди. Натижа одамлар сизга ишонишидан далолат беради», — деди Владимир Путин.

Унинг сўзларига кўра, Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик «Ўзбекистон имкониятларининг ўсиши, мамлакат фуқаролари фаровонлигининг ошишига» хизмат қилади.

«Ўзбекистон нафақат энг яқин қўшнимиз, балки иттифоқдошимиздир. Биз Ўзбекистонни айнан шундай қабул қиламиз, — деди Россия президенти. — Бу йирик минтақавий давлат бўлиб, бизларни тарих нуқтаи назаридан ҳам, бугунги кунда ҳам кўплаб жиҳатлар боғлаб туради».

Давлат раҳбари Россия президентига таклиф ва илиқ қабул учун миннатдорлик билдирди.

«Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, кейинги йилларда муносабатларимизда чинакам улкан ютуқларга эришилди — бундай кўрсаткичлар илгари бўлмаган. Сиз айтганингиздек, товар айирбошлаш ортмоқда: тўққиз ой якунида беш миллиардни ташкил этди, йил охирида етти миллиард бўлади. Муносабатларимизда бундай рақам илгари кузатилмаган» — деди Шавкат Мирзиёев.

«Бош вазирлар раҳбарлигидаги Ҳукуматлараро комиссия жуда жиддий ишламоқда — Сиз қўллаб-қувватладингиз ва жиддий натижаларга эришилмоқда. Ташрифдан аввал жуда салмоқли ишлар қилинди. Учта катта тадбир: ҳудудлар, таълим ва медиа форумлари ўтказилди», — дея қайд этди Ўзбекистон президенти.

Унинг таъкидлашича, бугун 14 миллиард долларлик лойиҳалар устида иш олиб борилмоқда. Жумладан, ҳудудлараро форум доирасида. Уч йил аввал Сиз билан ушбу форумни бошлаётганимизда бундай тадбирлар йўқ эди. Натижа эса катта: ҳудудлар учрашмоқда, ҳамкорлигимизга катта туртки бермоқда.

«Бугунги учрашувимиз ҳудудлараро алоқалар, икки томонлама ҳамкорлик, хавфсизлик масалалари, Афғонистон масаласини муҳокама қилиш учун яхши имкониятдир», — деди президентимиз.

Музокараларда савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

2020 йилда ўзаро савдо ҳажми 5,6 миллиард доллардан ошган бўлса, жорий йилнинг 10 ойида ушбу кўрсаткич 6 миллиард долларга етиб, йил якунига қадар 7 миллиард долларга яқинлашиши кутилмоқда. Кейинги тўрт йилда Ўзбекистонда Россия сармояси иштирокидаги корхоналар сони икки баробарга кўпайиб, қарийб 3 мингтани ташкил этмоқда.

Бугун Ўзбекистон иқтисодиётида Россиядан жалб қилинган инвестициялар ҳажми 10 миллиард доллардан ошди. Умумий қиймати 14 миллиард долларлик истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.

Президентлар иқтисодиётнинг деярли барча тармоқларини қамраб олган ҳолда инвестициявий ҳамкорликни давом эттириш муҳимлигини таъкидладилар.

Бунда Ўзбекистон раҳбарининг ташрифи арафасида ўтказилган II Ҳудудлараро ҳамкорлик форуми натижалари ҳам муҳим ўрин тутади. Зеро, форум якунида саноат, энергетика, транспорт ва фармацевтика, тўқимачилик ва озиқ-овқат саноатига доир янги битим ва шартномалар имзоланди.

Шавкат Мирзиёев иқтисодиёт тармоқларида ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш учун катта захиралар борлигини қайд этди. Шу муносабат билан устувор соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Президентлар минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик томонларни қизиқтирган масалаларга тўхталиб ўтдилар. Мамлакатлар ташқи сиёсат ва мудофаа идоралари ўртасидаги икки томонлама маслаҳатлашувларни давом эттириш муҳим экани таъкидланди. Минтақавий хавфсизлик масалалари ва Афғонистондаги вазият юзасидан фикр алмашилди.

Россия томони Ўзбекистоннинг Афғонистонда тинчлик жараёнига кўмаклашиш борасидаги муҳим саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлади. Давлат раҳбарлари БМТ, МДҲ, ШҲТ ва бошқа халқаро тузилмалар доирасидаги ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлигини билдирдилар.

Музокаралар якунида президентлар Халқаро ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида Қўшма баёнот қабул қилдилар. Ташриф доирасида жами 18 та икки томонлама ҳужжат имзоланди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Россияга ташрифини якунлаб, Тошкентга жўнаб кетди.