Тошкентда ёшлар ўртасида 2025 йилги Параосиё ўйинлари ўтказилади. Бу ҳақда Осиё Паралимпия қўмитаси президенти Мажид Рашид маълум қилган.

Миллий паралимпия қўмитаси Турзим ва спорт вазирлигининг қўллаб-қувватлашида ёшлар ўртасида параосиё ўйинларини 2025 йилнинг сентябрь охири ва октябрь бошида ўтказиш тўғрисида ариза берган.

«Бир қатор кучли таклифлар кўриб чиқилди. Лекин ғолиб фақат битта бўлиши мумкин ва биз Тошкентни танладик. Марказий Осиё минтақаси ўзининг биринчи йирик минтақавий ўйинларини ўтказишидан жуда мамнунмиз ва умид қиламизки, бу минтақада пара-спортни ривожлантириш учун катализатор бўлиб хизмат қилади», — деди ОПҚ президенти Мажид Рашид.

Ўтган йилнинг август ойида Ўзбекистон 2025 йили ёшлар ўртасида бўлиб ўтадиган IV ёзги Осиё ўйинларига мезбонлик қилиши ҳақида хабар берилган эди.

Президент матбуот котиби Шерзод Асадовга кўра, шу пайтгача ҳеч қайси давлатда ёшлар ўртасидаги Осиё ва Параосиё ўйинлари кетма-кет ўтказилмаган.

Февраль ойида «Газета.uz» янги аэродром яқинида фақат дарахтзор, бута ва гуллардан иборат дендропарк (155 гектар), шунингдек, унинг ёнида Олимпия шаҳарчаси (160 гектар) қурилиши режалаштирилаётгани ҳақида хабар берилган эди. Чирчиқ дарёсининг қирғоқларида ҳам парк (270 гектар) бунёд этилиши кўзда тутилганлиги айтилган.