17 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда Тошкент давлат иқтисодиёт университети (Нархоз) 90 йиллигини нишонлаш учун 300 минг доллар пул ажратилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. «Газета.uz» мухбири ушбу масалага ойдинлик киритиш мақсадида университет матбуот хизмати билан боғланди.

Маълум қилинишича, ТДИУнинг 90 йиллигини нишонлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган. Унга кўра, барча тадбирлар учун университетнинг бюджетдан ташқари ҳамда ҳомийлар маблағлари ҳисобидан 2 млрд 250 млн сўм йўналтирилиши белгиланган.

«Бунда харажатларнинг энг катта қисмини кредит-модуль тизими бўйича 238 номдаги янги ўқув адабиётни нашрга тайёрлаш ва чоп этиш ташкил этади (умумий харажатларнинг 80 фоизи)», — университет матбуот хизмати изоҳида.

Шунингдек, мазкур харажатлар доирасида 90 йиллик юбилейни нишонлаш билан биргаликда бир қанча тадбирлар ўтказилиши белгиланган. Жумладан:

  • «Заковат» интеллектуал ўйини;
  • Анатолий Евгеневич Карпов иштирокида ТДИУ шахмат мактаби очилиши тадбири;
  • 26−27 ноябрь кунлари «Янги Ўзбекистонни инновацион, ижтимоий-иқтисодий юксалишида замонавий таълим муассасасининг ўрни» мавзуси доирасидаги халқаро илмий-амалий анжуманни ўтказиш;
  • «Тошкент давлат иқтисодиёт университети — 90 ёшда» номли ҳужжатли фильм тайёрлаш;
  • ТДИУ юбилейи логотипини ишлаб чиқиш ҳамда меҳмонлар учун юбилей эсдалик совғаларини тайёрлаш (папка, блокнот, календарь, ручка, сумка ва ҳ.к.);
  • Университетнинг энг яхши профессори, илмий ходими, мураббийси, талабаси ва хизматчи ходими каби танловлар ўтказиш режалаштирилган.

Шу ўринда университет матбуот хизмати ижтимоий тармоқларда тарқалаётган хабарлар бир томонлама эканлигини, бундан ташқари университетга нисбатан негатив кайфият ҳамон сақланаётгани ҳамда бунинг натижасида шу каби хабарлар пайдо бўлаётганини билдирди.

«Қилинаётган харажатларнинг барчаси университетнинг нуфузини халқаро даражада ошириш, илмий салоҳиятини юксалтириш, ўқиш учун қулай муҳит яратиш, талабаларнинг ақлий қобилиятини ошириш каби комплекс чора-тадбирларга қаратилганини эслатиб ўтиш жоиз», — дейилади изоҳда.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин ТДИУ собиқ проректори фирибгарлик ва мансаб сохтакорлигида айбланиб, қидирувга берилгани ҳақида хабар берилганди.