18 ноябрь куни Москва шаҳрида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашди, деб хабар берди ТИВ матбуот хизмати.

Учрашув чоғида икки мамлакатнинг халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида яқин алоқаларни давом эттириш ва ўзаро қўллаб-қувватлашга тайёрлиги билдирилди. Афғонистондаги вазият юзасидан фикр алмашилди.


Россия ТИВ матбуот хизмати хабар беришича, вазирлар Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россияга ташрифи арафасида ўз позицияларини солиштирди, унинг мазмун-моҳияти ва Россия-Ўзбекистон саммити якунлари бўйича қабул қилинадиган ҳужжатлар рўйхатини кўриб чиқди. Россия-Ўзбекистон муносабатларига оид кенг кўламли масалалар, халқаро ва минтақавий кун тартиби юзасидан фикр алмашилди.

Абдулазиз Камилов ва Сергей Лавров халқаро ахборот хавфсизлиги соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро битимни, биологик хавфсизлик бўйича ҳукуматлараро англашув меморандумини, шунингдек, Россия ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги 2022−2023 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастурини имзоладилар.

«Глобал, минтақавий кун тартибининг асосий йўналишлари бўйича позицияларимиз мос келиши ва катта ўхшашлигини мамнуният билан қайд этамиз. Бу Афғонистондаги вазиятга тўлиқ тааллуқлидир. Бу ҳозир ҳамманинг оғзида ва биз бу борада фаол ишлаяпмиз», — деди Сергей Лавров.

Шунингдек, унинг таъкидлашига кўра ,Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин учрашуви доирасида турли соҳалардаги ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга қаратилган 18 та ҳужжат имзоланмоқда.

«Халқаро ядро ва радиацион хавфсизликни таъминлаш тўғрисидаги битим, қурилиш, энергетика, устувор саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида ҳамкорликни чуқурлаштиришга оид ҳужжатларни алоҳида таъкидламоқчиман», — дея қўшимча қилди Россия ТИВ раҳбари.