Олий Мажлис Сенати йигирма биринчи ялпи мажлисида «Фавқулодда ҳолат тўғрисида»ги конституциявий қонунни тасдиқлади, дея хабар берди парламент юқори палатаси матбуот хизмати.

Мажлисда қайд этилишича, ушбу Қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимизда фавқулодда ҳолат содир бўлганда фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда хизмат қилади. Қонунда фавқулодда ҳолатни жорий этишда вужудга келадиган муносабатларни тартибга солишга қаратилган нормалар акс эттирилган. Унинг асосий мақсади фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, конституцион тузум ва ҳудудий яхлитликни ҳимоя қилишдир.

Қонун билан фавқулодда ҳолатни жорий этиш шартлари ва тартиби, қўлланиладиган чоралар ва чеклашлар, фавқулодда ҳолат амал қиладиган давр учун жорий этиладиган махсус давлат бошқарув органлари, фавқулодда ҳолат шароитида жисмоний ва юридик шахслар, шунингдeк мансабдор шахс ҳуқуқларининг кафолатлари, фавқулодда ҳолат шароитларида судларнинг фаолиятини тартибга солувчи ва бошқа махсус қоидалар мустаҳкамлаб қўйилмоқда.

Қонунда фавқулодда чоралар, уларнинг таъсири доираси, Ўзбекистон фуқаролари, чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, юридик шахслар ҳуқуқ ва эркинликларига ўрнатилаётган вақтинчалик чекловлар, уларга юклатилаётган қўшимча мажбуриятлар, кучга кириш вақти ҳамда амал қилиш муддати каби бир қанча чоралар тартибга солинмоқда.

Қонун билан республика бўйича жорий этиладиган фавқулодда ҳолатнинг амал қилиш муддати 30 суткадан, унинг айрим жойларида жорий этиладиган фавқулодда ҳолатнинг амал қилиш муддати эса 60 суткадан ошиши мумкин эмас.

Фавқулодда ҳолат президент фармони билан жорий этилади ва ушбу фармон Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати томонидан қўшма йиғилишда тасдиқланиши керак.

Агар фавқулодда ҳолатни жорий этиш мақсадларига эришилмаган бўлса, фавқулодда ҳолатнинг амал қилиши Ўзбекистон президентининг фармони билан яна бир муддатга узайтирилиши мумкин. Лекин мазкур фармон парламент қўшма мажлисида тасдиқланиши керак бўлади.

Шу билан бирга, қонунга кўра, фавқулодда ҳолат режимини таъминлаш учун Ички ишлар ва Фавқулотда вазиятлар вазирликлари, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати, шунингдек Фавқулодда вазиятлар олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат тизимига кирувчи бошқа давлат органлари ҳамда ташкилотларининг кучлари ва воситаларидан фойдаланилади.

Алоҳида ҳолларда эса, юқоридагиларга қўшимча равишда, фавқулодда ҳолат режимини сақлаб туриш учун президент фармонига асосан Мудофаа вазирлигининг кучлари ва воситалари ҳам жалб этилиши мумкин.

Қонунда фавқулодда ҳолат жорий қилингани ҳақида чегарадош давлатларга дипломатик каналлар орқали хабар берилиши белгиланган.

«Газета.uz» бир йил олдин депутатлар «Фавқулодда ҳолат тўғрисида»ги қонун лойиҳасини кўриб чиқишаётганлиги ҳақида хабар берган эди. Шундай лойиҳа 2016 йилда ҳам ишлаб чиқилган, лекин қабул қилинмаган эди. Коронавирусга қарши кураш мақсадида мамлакатда жорий қилинган карантин чоралари фавқулодда ҳолат тўғрисидаги қонун қабул қилиш кераклигини кўрсатди.