Байден вақтинча ваколатларини вице-президент Камала Харрисга топширади

АҚШ президенти Жо Байден касалхонада даволанадиган пайтда унинг ваколатларини вақтинча вице-президент Камала Харрисга ўтказади, дея хабар берди Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки.

Бу Байден маъмурияти ҳокимиятга келганидан бери америкалик лидер ўз ваколатларини биринчи марта вице-президентга ўтказиши бўлади. Шунингдек, АҚШда илк марта аёл киши қисқа муддатга бўлсада, давлат раҳбари вазифасини бажаради. Матбуот котибининг айтишича, Байден текширувдан ўтиш учун Уолтер Рид тиббиёт марказига боради ва у ерда мунтазам колоноскопиядан ўтади — РИА Новости.


Грецияда COVID-19га қарши вакцина олмаганларнинг кинотеатр, музей ва спорт залларига бориши тақиқланмоқда

Грецияда 22 ноябрдан бошлаб коронавирусга қарши эмланмаган фуқароларга нисбатан чекловлар кучайтирилади. Уларга кинотеатрлар, музейлар, театрлар, спорт заллари ва бошқа ёпиқ жойларга бориш тақиқланади, деди Греция бош вазири Кириакос Митсотакис. Ҳозирда вакцина олмаган грекларга фақат овқатланиш жойларига бориш тақиқланган.

Бош вазирнинг фикрича, янги чоралар «эмлаш учун билвосита рағбат» бўлади. Бундан ташқари, 60 ёшдан ошган вакцина олган фуқаролар учун сертификатнинг амал қилиш муддати етти ойгача қисқартирилади. Ушбу давр охирида уларга COVID-19 вакцинасининг янги дозасини олиш учун бир ой вақт берилади. Мамлакатда эпидемиологик чораларга риоя этилиши устидан назорат ҳам кучайтирилади — Коммерсантъ.

Шунингдек:

  • Афинада иш ташлаш туфайли жамоат транспорти ёпилди. Маълумотларга кўра, метро ва трамвай ходимлари 41 ёшли ходимнинг иш жойидаги фожиали ўлимига норозилик билдириб, меҳнатни муҳофаза қилиш чораларини кучайтиришни талаб қилиб, 24 соатлик иш ташлаш уюштирмоқда. Иш ташлаш туфайли шаҳарнинг кўплаб йўлларида транспорт ҳаракати қийинлашган — Известия.

Туркияда давлат тўнтариши уюштирмоқчи бўлган Фатхуллаҳ Гюленнинг ўлими тўғрисида хабарлар тарқалди

Туркиянинг «Анадолу» ахборот агентлиги журналистлари Туркиянинг амалдаги ҳукуматига мухолифатда бўлган ислом даъватчиси Фетҳуллаҳ Гюленнинг АҚШда вафот этгани ҳақидаги маълумотларни текширмоқда. Бу ҳақда агентликнинг Вашингтондаги ваколатхонаси раҳбари Хоқон Жопур Twitter’да маълум қилди.

«Биз нима бўлаётганини диққат билан кузатиб боряпмиз. АҚШ полицияси ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларидаги манбалар бу борада маълумот бермаяпти. Эҳтимол, нимадир бўлган ва бу ҳақда полицияга хабар берилмаган. Бироқ ташкилот буни узоқ вақт яшира олмайди», — дейилади хабарда. Гюленнинг Пенсильванияда заҳарлангани ҳақида турк ОАВларида хабар тарқалди. Хабарларга кўра, у яшайдиган дам олиш масканига кириш ва чиқиш ёпиб қўйилган.


Бразилиядада ўрмонлар кесилиши охирги 15 йилдаги рекорд даражага етди

Бразилиянинг Амазон тропик ўрмонларида ўрмонларнинг кесилиши сўнгги 15 йилдаги энг юқори даражага етди. Бу ҳақда BBC хабар берди. Бразилиянинг космик тадқиқотлар агентлиги (Inpe) ҳисоботида айтилишича, ўрмонларнинг кесилиши бир йилда 22 фоизга ошган.

Бразилия COP26 иқлим саммитида 2030 йилгача ўрмонларни кесишни тўхтатиш ва бекор қилишга ваъда қилган давлатлар қаторида эди. Амазонкада уч миллионга яқин ўсимлик ва ҳайвонлар турлари ва бир миллион маҳаллий аҳоли яшайди.

Сўнгги маълумотларга кўра, 2020−21 йилларда тахминан 13,235 минг квадрат километр майдондаги ўрмонлар йўқолган. Бу 2006 йилдан бери энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.