Олий Мажлис Сенатининг 21 ялпи мажлисида «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун кўриб чиқилди, деб хабар берди юқори палата матбуот хизмати.

«Товар ҳамда савдо қилиш қоидалари тўғрисидаги маълумотлар кўп ҳолатларда бошқа тилларда акс эттирилгани кузатилмоқда. Бу эса, истеъмолчилар ҳуқуқларининг тўлиқ рўёбга чиқарилишига тўсқинлик қилмоқда, — дейилади хабарда. Шартномага истеъмолчининг ҳуқуқларини камситадиган шартларни киритиш ҳамда истеъмолчига қонунчилик билан ўрнатилган имтиёз ва афзалликларни бермаслик ҳолатлари кузатилмоқда».

Амалдаги қонун ҳужжатларида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги, истеъмолчилар жамоат бирлашмаларининг ваколатлари тўлиқ мустаҳкамланмаган, дея қўшимча қилди Сенат матбуот хизмати.

Қонунда истеъмолчи ва сотувчи (ишлаб чиқарувчи, иш ва хизмат кўрсатувчи) ўртасидаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг янгича механизмлари, шартномавий муносабатларда истеъмолчига ўзининг қонунчиликда белгиланган талабларини қаноатлантиришда устувор ҳуқуқ берилиши ва шартномага истеъмолчининг қонунчиликда назарда тутилган ҳуқуқларини камситадиган шартларни киритишга йўл қўйилмаслик каби янги талаблар киритилган.

Шунингдек, истеъмолчи томонидан товарлар учун ҳақ тўлаш нақд пул ёки нақд пулсиз шаклда амалга оширилиши мумкинлигини инобатга олган ҳолда сотувчига ҳақ тўлаш шаклига қараб товарнинг айни бир маркаси (модели, артикули) учун ҳар хил нархлар белгилаши тақиқланмоқда. Истеъмолчига сотилган нуқсонли ёки мақбул сифатли товарларни қайтариб беришда ўзаро ҳисоб-китобларни амалга оширишда юзага келаётган айрим масалаларга ҳам аниқлик киритиб кетилмоқда. Хусусан, агар тарафларнинг келишувида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, истеъмолчи томонидан тўланган пул суммасини унга қайтариш товар учун ҳақ тўлаш қандай шаклда амалга оширилган бўлса, худди шундай шаклда амалга оширилиши белгиланмоқда.

Товарда нуқсонлар борлиги ва унинг норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ эмаслиги тасдиқланган тақдирда, сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) текширув (тест, экспертиза) ўтказишни ташкил қилган истеъмолчи ёки истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ваколатли давлат органларига товарларни текшириш (тестдан ўтказиш, экспертиза қилиш) билан боғлиқ харажатларнинг ўрнини тўлиқ қоплаши кераклиги ҳақидаги норма киритилмоқда.

Бундан ташқари, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш соҳасида ягона давлат сиёсати ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштиришни амалга оширувчи ваколатли давлат органи сифатида Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ҳуқуқ ва ваколатлари қонун билан мустаҳкамлаб қўйилмоқда.

Қонунда нодавлат жамоат бирлашмаларининг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколат ва ҳуқуқларига аниқлик киритилган.

Ҳужжатда ишлаб чиқарувчи, савдо ва хизмат кўрсатиш қоидалари, товар тўғрисидаги ахборотни истеъмолчиларга давлат тилида тўлиқ етказиш, товарни экспертизадан ўтказиш ҳолатлари ҳам белгиланмоқда.

Қонун товарларни (ишларни, хизматларни) масофадан туриб, ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда реализация қилиш вақтида истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилишига йўл қўймаслик ва уларни олдини олишга қаратилган нормалар билан ҳам тўлдирилган.

Сенаторлар мазкур қонун қабул қилиниши истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш, сотувчининг истеъмолчи олдидаги масъулияти ва жавобгарлигини оширишга хизмат қилишини кутишмоқда.