Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Оролбўйида ихтисослаштирилган кардиология ва кардиохирургия илмий-амалий тиббиёт маркази ташкил этилади. Бу ҳақда «Norma.uz» хабар берди.

Марказнинг асосий вазифаларига ҳудуд аҳолисига, шу жумладан Оролбуйи минтақасидаги ҳамда Бухоро ва Навоий вилоятларида туғма юрак нуқсони билан туғилган болаларга ўз ихтисослиги бўйича юқори технологияга асосланган малакали ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш киради.

Марказ касалликларнинг олдини олиш, уларга ташхис қўйиш ва касалликларни даволаш бўйича илғор усулларни ва технологияларни ишлаб чиқишга ҳамда амалиётга татбиқ этишга қаратилган илмий тадқиқотлар олиб бориш билан шуғулланади.

Бундан ташқари, Марказ тиббиёт ходимларининг касбий даражасини ошириш, мавжуд тиббиёт техникалари паркининг доимий равишда янгилаб бориш ва модернизация қилиш, Марказни замонавий тиббиёт асбоб-ускуналари билан жиҳозлаш, молиявий ва моддий-техник ресурсларни жалб қилиш бўйича ишларни ташкил этиш ҳам Кардиология марказининг асосий вазифалари этиб белгиланди.

Шунингдек, марказда юқори малакали хорижий мутахассислар иштирокида консультациялар ва маҳорат дарслари ташкил этилади ҳамда мутахассислар алмашинуви таъминланади.

Марказ фаолияти имтиёзли тоифага кирувчи шахсларга кўрсатиладиган тиббий хизматлар учун давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар, давлат илмий дастурларини амалга ошириш доирасидаги грантлар, пуллик хизматлар кўрсатишдан тушадиган маблағлар ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига молиялаштирилади.

2021 йил 1 декабрдан бошлаб марказни давлат бюджети маблағлари ҳисобига имтиёзли тоифага кирувчи шахсларни электрон ахборот тизими орқали ҳисобга олиш ва навбат асосида даволанишга йўллаш тизимига уланиши таъминланиши керак.

Марказ директори Хоразм вилояти ҳокимлиги билан келишилган ҳолда ССВ томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.