ЮНИCEФ Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Мактабгача таълим вазирлиги билан ҳамкорликда 0 ёшдан 6 ёшгача бўлган болаларнинг ота-оналари ва бошқа ғамхўрлик қилувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ота-оналар учун «Bebbo» номли ўзининг биринчи мобил иловасининг тақдимотини ўтказди. Ўзбекистон Европа ва МДҲ минтақасида ушбу илова тақдим этилган биринчи давлат бўлди.

Ота-оналарни қўллаб-қувватлашга мўлжалланган ушбу бепул илова ота-оналарни боланинг соғлиғи ва ривожланиши бўйича овқатланиш ва кўкрак сути билан боқишдан бошлаб эрта ёшдан таълим ва ўйиннинг аҳамияти, сезгир ота-оналик, ҳимоя ва хавфсизлик каби кенг кўламли масалалар бўйича мутахассислар маслаҳати билан таъминлайди. Шунингдек, илова ота-оналар ва ғамхўрлик қилувчилар учун ўз фаровонлигини таъминлаш бўйича ҳам аниқ кўрсатмаларни ўз ичига олади, дейилади ЮНИСЕФ хабарида.

Фарзандлари ҳаётининг дастлабки йилларида кўмак бериш мақсадида Bebbo шунингдек, ота-оналарга олинган ва режалаштирилган эмлашлар, ўтказилган тиббий кўриклар ва болалар саломатлигини текшириш ва ривожланишнинг бошқа муҳим босқичларини қайд этиш имконини берувчи функцияларни ўз ичига олади.

«Ҳаётнинг биринчи йиллари болаларнинг ривожланиши учун катта аҳамият касб этиб, уларнинг бўлажак ҳаётига ҳам таъсир кўрсатади. Ушбу янги илова ёрдамида барча ота-оналарга фарзандларини вояга етказишдек машаққатли сафарида кўмак бериш учун қўшимча восита бермоқчимиз», — деди ЮНИCEФнинг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича минтақавий директори Афшан Хан. «Мен барча ота-оналарни бепул, ишлатиш учун қулай Bebbo иловасини юклаб олишга ва фарзандлари ҳаётининг ижобий бошланишини таъминлашга чорлайман.»

ЮНИCEФнинг ва миллий ҳамкорлар ва болаларнинг эрта ёшларидаги ривожланиши бўйича мутахассислар биргаликда ушбу мобил иловани маҳаллий шарт-шароит ва талабларга мослаштирдилар.

«Ҳар бир ўсаётган болага ғамхўрлик, соғлик ва саломатлик, мақбул овқатланиш ва эрта таълим олиш учун зарур шарт-шароитларни таъминлайдиган рағбатлантирувчи ва хавфсиз муҳит яратиш катта ахамиятга эга. Фойдаланувчилар учун қулай „чўнтак йўриқномаси“ бўлган Bebbo мобил иловаси ёш болаларни тарбиялашда катталарни қўллаб-қувватлашга мўлжалланган», — деди мактабгача таълим вазири Агриппина Шин.

Bebbo иловаси ота-оналарни фарзандларининг ўсиши, ривожланиши ва фаровонлигини қандай қўллаб-қувватлаш бўйича ўз вақтида сифатли маслахатлар билан таъминлайди. Бу, айниқса, хизмат кўрсатувчилар билан тўғридан-тўғри алоқа қилиш мумкин бўлмаганда ёки қийинлашганда, шу жумладан ҳозирги пандемия шароитида жуда муҳимдир.

«COVID-19 пандемияси даврида ижтимоий хизмат кўрсатувчилар билан алоқа узилиб қолганида, ота-оналарни ўз вақтида сифатли кўрсатмалар билан қўллаб-қувватлаш эҳтиёжи пайдо бўлади. Фарзандларининг таълим олиши, соғлиғи ва фаровонлиги борасида тез қарор қабул қилиб, қўшимча масъулиятни ўз зиммаларига олган ҳолда биринчи бўлиб жавоб ҳаракатларини амалга ошириш ота-оналар зиммасига юкланади», -деди соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев. «Янги мобил илова COVID-19 пандемияси даврида жуда долзарб воситадир, чунки ота-оналар ва ғамхўрлик қилувчилар мутахассисларнинг онлайн маслаҳатлари сингари ишончли маълумотларни олиш учун имконият яратади».

Иловани юклаб олиш: