Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Брюсселда бўлиб ўтган «Ўзбекистон — Европа Иттифоқи» ҳамкорлик кенгаши йиғилиши якунлари бўйича қўшма матбуот анжуманида сўзга чиқар экан, Brussels Morning газетаси журналисти Лайлума Садиднинг Афғонистонга оид саволларига жавоб берди.

ТИВ мулоқотнинг матнли кўринишини эълон қилди, «Газета. uz» уни тўлиқ ҳолда тақдим этади.

Лайлума Садид, Brussels Morning нашри:

— Менга савол бериш имкониятини берганингиз учун катта раҳмат. Ўзбекистон ташқи ишлар вазирига саволим бор. Шу уч ой давомида Ўзбекистон ҳукуматининг юқори мартабали вакиллари Афғонистонга бир неча бор ташриф буюрди. Шунингдек, Толибон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар 1997 йилдан бери, ўйлайманки, озми-кўпми очиқ. Агар мен бир савол бера олсам, келажакни қандай кўрасиз ва Толибон бошқа гуруҳларни киритмаган ҳолда ташкил қилган ҳукуматга қандай муносабатдасиз? Мен улар инклюзив ҳукумат деб атайдиган, аслида ундай бўлмаган нарсани назарда тутяпман. Ўзбекистон аёлларга ҳамда Афғонистондаги бошқа миллатларга имкон бермай, улар билан гаплашишга уриняптими? Бу мамлакатнинг келажагини қандай кўрасиз? Ва, шунингдек, электр таъминоти ҳақида? Ушбу йўналишда ишлашни давом эттириш имконияти борми? Раҳмат".

Вазир Абдулазиз Камилов:

 — Бу муҳим савол учун раҳмат. Биз афғон масаласида Ўзбекистоннинг позициясини бир неча бор билдирганмиз. Шу сабабли мен буни такрорламайман. Мен нимадан қочиш кераклигини ва, бизнинг фикримизча, нима қилиш зарурлигини айтиб бермоқчиман.

Биринчидан, Афғонистон халқаро ҳамжамиятдан ажралган ҳолда қолмаслиги керак. Коалиция қўшинларининг бу мамлакатдан олиб чиқилиши Афғонистон келажаги учун умумий манфаатлар ва жамоавий масъулият йўқолишини англатмаслиги керак.

Иккинчидан, Афғонистон босқинчи давлатга айланмаслиги керак.

Учинчидан, Афғонистондаги уруш ноҳарбий усуллар билан давом эттирилмаслиги керак. Бу ерда мен активларни музлатиш, барқарор инсонпарварлик ёрдами ва уни етказиб беришдаги кечикишларни назарда тутяпман, бу эса «Толибон»ни ўзини изоляция қилиш сиёсатини олиб боришга ундамоқда.

Энди бу вазиятда нима қилиш керак?

Биринчидан, Афғонистондаги мавжуд воқеликни ва кучларнинг янги мувозанатини тан олиш муҳим. Афғон муаммоси юкини минтақа давлатлари, айниқса, энг яқин қўшнилар елкасига юкламаслик керак.

Иккинчидан, Афғонистонда гуманитар инқирознинг олдини олиш зарур. Афғонистоннинг хорижий банклардаги активларини қайта «эритиш» ва транзакцияларни тиклаш керак.

Учинчидан, айни вақтда, аниқ айтишимиз керакки, «Толибон»ни тан олиш муайян шартларга боғлиқ: барча гуруҳларнинг кенг вакиллигига асосланган ҳукуматни яратиш, фундаментал инсон ҳуқуқларини таъминлаш, яхши қўшничилик сиёсатини юритиш, терроризм, наркотик моддалар савдоси, уюшган жиноятчиликка қарши курашиш ва бошқалар.

Тўртинчидан, Афғонистоннинг иқтисодий ривожланишига ҳар томонлама ёрдам беришимиз керак.

Ниҳоят, «Толибон»нинг ижобий қадамлари: қизлар учун мактаблар очиш, аёлларга давлат муассасаларида ишлаш ҳуқуқини бериш ва ҳоказоларни ҳар томонлама рағбатлантириш керак. Айни пайтда янги муваққат ҳукумат томонидан ташланган қадамлар ҳам бор.

Шунинг учун, хонимлар ва жаноблар, бу Ўзбекистоннинг Афғонистон бўйича халқаро ҳамжамият, жумладан, Европа Иттифоқи томонидан қандай чоралар кўриши кераклиги ҳақидаги жуда аниқ ва очиқ позициясидир.

Ўзбекистонга келсак, биз энергетика ва транспорт коммуникациялари соҳасида жиддий лойиҳаларни амалга оширмоқдамиз. Биз Афғонистон муваққат ҳукумати аъзоларини Ўзбекистонга таклиф қилдик ҳамда иқтисодиёт, савдо-сотиқ ва ҳаттоки хавфсизлик соҳасида ҳам ҳамкорликни қандай йўлга қўйиш ҳақида келишиб олдик.

Афғонистоннинг янги расмийлари билан музокаралар олиб борганимизда улар чегара хавфсизлигини таъминлаш бўйича кафолатлар берди. Бундан ташқари, биз ҳарбий коалиция билан ҳамкорлик қилган ва уларга ёрдам берган Ғарб давлатлари вакиллари, фуқаролари ва афғонларни бир неча йирик эвакуация операцияларини ташкил этиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларимизни мувофиқлаштирдик.

Шунинг учун биз ўсишга қадамма-қадам эришиш мумкинлигига умид қиламиз. Бошқа танловимиз йўқ. Бу ҳақиқат тан олиниши ва минтақа давлатлари билан ҳамкорлик қилиш имкониятларини излаши керак. Албатта, биз муваққат ҳукуматни бир томонлама тан олмоқчи эмасмиз. Умумий халқаро ёндашув бўлиши керак.

Лайлума Садид, Brussels Morning нашри:

— Сизга катта раҳмат, жаноб вазир. Сиз бироз бошқача мавзуни, Афғонистон мавзусини тилга олганингиздан жуда хурсандман. Сиз таъкидлаганингиздек, Афғонистонда ҳарбий усуллар ишламайди, лекин биз Афғонистонда сиёсий йўл борлигини кўрамиз. Лекин толиблар келиб, Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритган вақтларни унутманг, бу ҳарбий тўнтариш эди. Биринчидан, улар тинчлик келишуви билан ҳокимиятга кела олмадилар. Иккинчидан, «Толибон»нинг тан олинишига келсак, мен ҳеч ким «Толибон»ни тан олмаслигига ишончим комил, чунки ҳукуматдаги 17 нафаргача «Толибон» аъзоси Қўшма Штатлар томонидан қора рўйхатга киритилган. Шунингдек, агар биз гуманитар ёрдам ҳақида гапирадиган бўлсак, агар биз ҳукумат ёки «Толибон» режимига ёрдам бераётган бўлсак, бу ёрдам охир-оқибат Афғонистоннинг ҳақиқатан ҳам муҳтож бўлган заиф аҳолисига етиб боришига қандай ишонч ҳосил қилишимиз мумкин? Бундан ташқари, сиз «Толибон»нинг юқори даражадаги амалдорлари билан гаплашдингиз, уларни аёлларни ҳукуматга қабул қилишлари ва уларга аввалгидек кўпром имконият беришлари учун босим ўтказдингиз, дея умид қиламан. Акс ҳолда, кабинет ёки ҳукуматида афғон аёллари бўлмаса, биз 20 йил давомида эга бўлган барча имкониятларимизни бой беришимизга ишонаман. Билишимча, Ўзбекистон ислом давлатидир. Ҳеч қандай муаммо йўқ ва ҳар ким вазир ёки депутат бўлиши мумкин. Ва бу борада умид қиламанки, сиз «Толибон» билан яхши музокаралар олиб боришга ҳаракат қиляпсиз. «Толибон» ва «Ҳаққоний тармоғи» каби террорчи гуруҳ режимига нисбатан Ўзбекистоннинг кейинги режаси қандай эканини батафсилроқ айтиб берсангиз. Афғонистонда ҳам «Ал-Қоида» гуруҳи бор ва бу нафақат Афғонистон, балки минтақа учун, балки бутун дунё учун хавфли эканлигига ишончим комил. Раҳмат.

Вазир Абдулазиз Камилов:

— Катта раҳмат. Психологик тўсиқларни енгиб ўтишнинг нақадар қийинлигини жуда яхши тушунаман. Шу боис ўтган йигирма йил ичида коалиция «Толибон»га қарши курашди. Бунинг ўрнига, илтимос, вазиятга бошқа бурчакдан қаранг.

Толиблар — нафақат Афғонистондаги асосий куч, балки афғон жамиятининг бир қисмидир. Улар ҳеч қачон миллий чегарадан ташқарида террорчилик ҳужумларини уюштиришмаган. Толиблар томонидан Марказий Осиёда, Европада, АҚШда, Жанубий Осиёда ёки яна қаердадир уюштирилган террорчилик хуружига бирорта ҳам мисол келтира олмайсиз.

Шу билан бирга, бу реалликдир. Сизда кўп саволлар бор, лекин нима қилиш кераклиги ҳақида ҳеч қандай таклиф йўқ. Ва шунинг учун биз реалликни ҳисобга оламиз. Ўтган 20 йил, умуман, ўтган қирқ йил давомида ҳам буюк державалар Афғонистондаги вазиятни ҳал қила олмади.

Ҳозир баъзи давлатлар маблағ таклиф қилмоқда ва бунинг эвазига минглаб қочқинларни қабул қилишни сўрамоқда, бу эса боши берк кўчадир. Биз буни тушунмаяпмиз. Афғонистондаги мавжуд вазият учун сўнгги 20 йил давомида курашиб келган ҳарбий коалиция ҳам масъул эканини таъкидладим.

Шунинг учун, ўйлайманки, сизда Афғонистон ҳақида етарлича янгилик ва маълумот етарли эмаслигини ҳис қилмоқдаман, эҳтимол бу Европа билан «Толибон» ва умуман афғонлар билан алоқа канали йўқлиги учундир. Шунинг учун сиз реалликни қабул қила олмайсиз, муваққат ҳукумат билан ҳеч қандай норасмий алоқа ўрнатолмайсиз. Аммо, шунга қарамай, алоқа канали бўлиши керак. Мен шундай ўйлайман.

Ўзбекистон келажакда нималар қилади, деган саволингизга келсак: биз бугун амал қилаётган сиёсатимизни давом эттирамиз.