Президент фармонига асосан, Шерзод Шерматов ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири лавозимига тайинланди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар берди.

Бир кун аввал Олий Мажлис Қонунчилик палатаси вазир лавозимига Шерзод Шерматов номзодини маъқуллаган эди.

Шерзод Шерматов (1977 йилда таваллуд топган) — Тошкент давлат техника университети (1998 йил) ва Йель университети (АҚШ, 2000 йил) битирувчиси.

Меҳнат фаолиятини 2000 йилда Молия вазирлиги Валюта иқтисод бош бошқармаси бош иқтисодчиси лавозимидан бошлаган.

2014 йилдан 2018 йилнинг июнига қадар Тошкентдаги Инха университети ректори, ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари, ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири вазифасини бажарувчиси, Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари сифатида ишлаган.

Шерматов 2018 йилнинг июнь ойидан бугунга қадар ХТВ раҳбари сифатида фаолият кўрсатаётган эди.

Ноябрь ойи аввалида бош вазирнинг ахборот технологиялари бўйича маслаҳатчиси Олимжон Умаров ва АКТ вазири Шуҳрат Садиков лавозимларидан озод этилган эди. Бунинг ижтимоий тармоқлар фаолиятини чеклаш билан боғлиқлиги айтилаётганди.